Ғаллаоролда сел оқибатини бартараф этишга 1,2млн доллар ажратилади

Жиззах вилояти Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Табиий офатнинг юзага келишига қалин ёққан қорнинг эриши сабаб бўлгани айтилади

Ўзбекистон ҳукумати Жиззах вилояти Ғаллаорол туманига табиий офатдан етказилган зарарни бартараф этиш учун заҳира фондидан 1,2 млн доллар ажратишга қарор қилган.

Шу йилнинг 20 дан 21-февралга ўтар кечаси Ғаллаорол туманининг сой ёқасида жойлашган бир неча қишлоқни сел босганди.

Натижада Жума, Чўмичли, Тошкамар, Жарбулоқ, Турк, Қўриқ ва Каризқудуқ каби қишлоқларда икки юздан ошиқ уй яроқсиз ҳолга келган.

Қорнинг эриши натижасида ушбу қишлоқларни кесиб ўтган чуқурлиги 6,5 метрли, кенглиги 10 метрдан зиёд сой тўлиб тошган ва 100 метрдан зиёд кенгликда оққан.

Маҳаллий манбаларга кўра, Жарбулоқ қишлоғида бир аёл ҳалок бўлган.

Бошпанасиз қолган аҳоли қўшни қишлоқ ва туманларга кўчирилган.

Вилоятнинг бошқа туманларида жабр чекканларга ёрдам учун иссиқ кийим ва кўрпа-тўшак йиғиш ташкиллаштирилган.

Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, заҳира фондидан ажратилган маблағдан табиий офатдан зарар кўрган оилаларга қурилиш моллари етказиб бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, "Ўзавтойўл" ширкатига сел ювиб кетган йўлларни қайта тиклаш топширилган, Жиззах вилояти маъмуриятига эса Қўриқ ва Турк қишлоқларини боғлаб турувчи иккита кўприкни қайта қуриш буюрилган.

"Ўзтрансгаз" ва "Ўзбекэнерго" ширкатларига ишдан чиққан газ ва электр таъминотини қайта тиклаш вазифаси топширилган.

Бундан ташқари сел оқибатида яшаш жойлари яроқсиз ҳолга келган оилаларга янги уй қуришлари кредитлар ажратиш ва туманида вайрон бўлган мактаб ўрнига янги мактаб қуришга қарор қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ