BBC navigation

Самарқандда қишлоқ аҳолиси нима учун томорқаларидан айрилди?

Сўнгги янгиланиш 12 апрел 2012 - 14:27 GMT

Медиа плейер

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани жамоа хўжаликларидан бирининг аҳолиси маҳаллий ҳокимлар халққа тазйиқ ўтказаётганидан шикоят қилиб, уларнинг ноқонуний фаолиятларига чек қўйилишига мактуб орқали умид билдиришган.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Самарқанд вилояти Оқдарё тумани жамоа хўжаликларидан бирининг аҳолиси маҳаллий ҳокимлар халққа тазйиқ ўтказаётганидан шикоят қилиб, уларнинг ноқонуний фаолиятларига чек қўйилишига мактуб орқали умид билдиришган.

"Биз бу хатни пичоқ суякка қадалганидан кейин ёзишга мажбур бўлдик", дея бошланади собиқ Улуғбек жамоа хўжалигидан олинган мактуб.

Ушбу жамоа хўжалиги аҳолиси номидан Би-би-си билан суҳбатлашган мактуб муаллифларидан бирига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ажратиб берилган ерлар олиб қўйилган, бу ўз навбатида аҳоли фаровонлигига катта зарар етказган.

Шикоят хатида айтилишича, қишлоқда яшовчи оилаларга Ўзбекистон мустақиллик давлат деб эълон қилинганининг илк йилларида 25 сотихдан ер ажратилган. Лекин, томорқаларнинг пахта майдонларига айлантирилиши ваъжи билан оилаларнинг зироат экинлари вайрон қилинган.

Қишлоқ аҳолиси ерлари тортиб олиниши ҳақида огоҳлантирилмаган

"2011 йил май ойига келиб қўшимча томорқаларни тортиб олармиш, ўрнига пахта экармиш, деган гап яшин тезлигида тарқалди. Кимдир ишонди, қим эса йўқ. Лекин кўп ўтмай МАГУМ трактори билан раҳбарлар етиб келишди ва қўшимча томорқаларни бир бошидан, ўсиб турган пиёз, нўхат, картошка, қисқаси буғдойдан бошқа ҳаммасини ҳайдаб, ағдариб ташлади", дейилади хатда.

Ўз исми сир қолишини сўраган суҳбатдошнинг Би-би-сига айтишича, ҳокимиятнинг бу амали кўпларнинг норозилигига сабаб бўлди.

"Ҳайдамайсан деб, тракторни тагига ётиб олганлар бўлди. Экинган экинларни ҳайдаб ташлади",- дейди у.

Суҳбатдош ҳокимият томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш ё изоҳ берилмаганини билдирди. Унинг фикрида, мазкур чора томорқа эгалари эмас, балки фермер хўжаликларига қаратилган сиёсат бўлган бўлиши керак.

У ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аҳолига катта тазйиқ ва босимлар ўтказилганини айтади.

"Ҳаттоки гаплашишни хоҳламади. Сўкиб, ҳақорат қилди. Келиб орган ходимлари, қўрқитиб, қамаймиз деб, (одамларни) тарқатворишди", - дейди у.

Суҳбатдош ҳозирда тортиб олинган ерларда пахта экилаётганини айтади.

"Ушбу мактубни битишдан мақсад андишани отини қўрқоқ билиб, берилган мансаб ваколатидан хоҳлаганича фойдаланиб, оддий халққа тазйиқ ўтказиб келаётган виждонсиз инсонларни тартибга чақириш" дейилади мактуб якунида.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.