Хитой Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришни истайди

Cюй Цайхоу ва Виктор Маҳмудов
Image caption Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги ишончли шерикларидан ҳисобланади

Хитой юқори ҳарбий мулозими мамлакати Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини билдирган.

Бу ҳақда Хитой Марказий ҳарбий кенгаши раисининг муовини Сюй Цайхоу 10 апрель куни Пекинда Ўзбекистон Қуролли кучлари бирлашган штабининг бошлиғи Виктор Маҳмудов билан учрашуви чоғида айтган.

Хитойнинг расмий "Женьминь Жибао" газетаси ёзишича, мазкур учрашув пайтида Сюй Цайхоу икки мамлакат халқлари ўртасидаги "анъанавий дўстлик томирлари узоқ ўтмишга бориб" тақалишини айтган.

Сюй Цайхоу Совет Иттифоқи парчаланганидан буён Пекин ва Тошкент ўртасидаги иккитомонлама алоқалар "соғлом ва барқарор" ривожланаётганини таъкидлаган.

"Хитой Ўзбекистон билан биргаликда ҳар томонлама дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини узлуксиз ривожлантиришга тайёр", — деб айтган Хитой юқори ҳарбий мулозими.

Сюй Цайхоунинг айтишича, "охирги йилларда" икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий алоқалар "кўнгилдагидек" ривожланмоқда.

У Хитой ва Ўзбекистон ҳарбий кучлари ўртасида "амалий алмашув ва ҳамкорликларни" давомли ўсишига умид билдирган.

Ўз навбатида Виктор Маҳмудов Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги "ишончли дўсти ва садоқатли шериги" эканини айтган.

У Ўзбекистон Хитой худудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини айтган.

Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар 20 йил муқаддам ўрнатилган.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлиги 90-йиллар охирида кучайди.

Тошкент ва Сурхандарё вилоятларига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари сизиб кириши ортидан Хитой Ўзбекистонга ҳарбий жиҳозлар етказиб берганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Хитойга қидирувда бўлган уйғур фаолларини тутиш ва депортация қилишда кўмак бериб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ