'Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам муросага бориши керак'

Image caption Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал этилиши лозим масалалар кўплигига қарамасдан, икки давлат раҳбарлари кам мулоқот қилишлари айтилади

"Ўзбекистон қўшни Тожикистонга газ узатишдан ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан манфаатдор".

Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайнов Ўзбекистоннинг Тожикистонга газ узатишни қайта йўлга қўйиш қарорини худди ана шундай изоҳлайди.

Иқтисодий омиллар, аввало, ташқи харидорни бутунлай йўқотиб қўймаслик ва тайёр газ қувурларидан фойдаланишдир.

Айни дамда, сиёсий манфаатлар ҳам оз эмас.

"Газ узатиб турса, Ўзбекистон қўшнисига сиёсий таъсир қилиш кучига ҳам эга бўлади" - дейди Анвар Ҳусайнов -"Чунки Тожикистон газ ўрнига кўмир ишлатамиз, деган экологик жиҳатдан ноўрин йўлга ўтишини эълон қилганди".

Аммо Тошкент Тожикистонга борадиган газ оқимини деярли ҳар йили тўхтатиб туради.

"Бир тарафдан тўловлар масаласи яхши йўлга қўйилмаган" - дейди ўзбек таҳлилчиси -"Лекин асил сабаби Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қуриш ҳаракатларидир".

Кузатувчиларга кўра, икки қўшни муносабатларининг совуши ҳали 90-йиллардаёқ бошланган. Аммо сўнгги пайтлари тобора яққол кўзга ташланмоқда.

Тожикистон тарафи Ўзбекистон бутун таъсир воситаларини ишга солиб, темир йўл ва газ таъминотини тўсиб қўймоқда, деб айблайди.

Ўзбекистон эса бу ўринда тўловлар ва ёки техник сабабларни келтиради.

Тожикистонда қиш пайтлари энергия тақчиллиги кучаяркан, Тошкент тарафидан газ ва электрнинг узиб қўйилиши сабабига эътибор қаратилади.

Ўзбекистонда эса ёзги сув етишмаслиги ва қурғоқчилик сабабларини юқори оқимдаги мамлакатда қурилаётган ГЭС ва сув омборлари билан изоҳлай бошлашган.

Ҳам ўзбек ва ҳам тожик таҳлилчилари бу икки давлат раҳбарлари ўртасида етарлича мулоқот йўқлигини, икки ўртада ҳал этилиши лозим масалалар кўплигига қарамай, давлат раҳбарлари ўта кам учрашишларини айтишади.

Ўзбекистон ўртадаги чегараларни миналагани ва виза тизимини жорий этгани боис, оддий одамлар орасида ҳам чегара оша борди-келди жуда чекланиб қолган.

Айни дамда Эрон ва Россия каби давлатлар Ўзбек-Тожик муносабатларидаги ҳассосликни ўз манфаатлари йўлида суистеъмол қилишлари мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Теҳрон ва Москва Роғун ГЭСи қурилишини қўллашни англатадиган баёнотлар беришган. Кузатувчиларга кўра, халқаро ташкилотлар ва қудратли мамлакатлар бу борада етарлича эътибор қаратишмаётир.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг фикрича, улкан Роғун сув омборида ушлаб қолинадиган сув тортилиб қолиши бош муаммо эмас. Балки ўта баланд тўғоннинг зилзила тез-тез юз берадиган бир минтақада қурилиши хавф уйғотади.

Аммо Тожикистон энергияга ўта ташна. Сувталаб пахтачиликка асосланган Ўзбекистон учун эса юқори оқимдан келадиган дарёлар жуда муҳим.

"Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам муросага бориши керак. Балки каттадан бир қадам, дегандек Ўзбекистон ўз энергетика сиёсатини ўзгартирар" - дейди Анвар Ҳусайнов -"Истаганча биздан газ ва электр олинг, фақат Роғунни қуришни тўхтатинг, деб айтсин. Буни халқимиз ҳам қўллайди".

Ҳозирча эса ўзаро манфаат ва эҳтиёж кучлилигига қарамай, икки мамлакат муносабатларида муроса-мадора кўзга ташланаётган кўринмайди.