BBC navigation

Мюррей: "Лондон Гулнора Каримова элчи бўлиб келишига рози бўлмаган"

Сўнгги янгиланиш 19 апрел 2012 - 12:39 GMT

Крейг Мюррей 2002-2004 йилларда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган. У Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятини танқид қилиши ортидан лавозимидан четлатилган

Британия матбуотида бот-бот чоп қилинаётган мақолалар ва маҳаллий таҳлилчиларга кўра, охирги вақтда Британия ҳукумати аъзолари Ўзбекистонга тез-тез сафар қилиб туришибди, бироқ айнан қандай масалалар ҳақида ўзаро келишилаётгани сир тутилмоқда.

Бир ҳафта аввал Британия ҳукуматининг нуфузли аъзоси, иқтидордаги консерваторлар партияси раисдоши Баронесса Варси Ўзбекистонга уч кунлик сафарини якунлаган.

Тошкентда Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов ва Иқтисод Вазири Галина Саидовалар билан учрашган Варси хоним ўз музокаралари борасида Би-би-си билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Ундан аввалроқ, 28 февралда Британия Мудофаа Вазири Филип Ҳаммонд Тошкентга сафар қилди. Бироқ бу сафарнинг ҳам тафсилотлари очиқланмади.

Британиянинг Ўзбекистон билан алоқалари 2005 йил Андижон воқеалари ортидан совуқлашган.

Британ-ўзбек алоқалари бўйича мутахассис, Тошкентдаги мубоҳасали собиқ британ элчиси Крейг Мюррейнинг ўз саҳифасида ёзишича, ҳозирча икки ҳукумат ўртасида қизғин музокаралар кетмоқда ва ўз қадрини билган Тошкент британларни тиз чўкиб, бўсағасига бош уриб келишига мажбурламоқда.

Би-би-си бу иддаолар борасида жаноб Маррейга мурожаат қилди.

Мюррей: Британия ҳукумати ўзбек ҳукуматига ҳозирда катта эътибор қаратмоқда, чунки Британия Афғонистонда ишлатган ҳарбий жиҳозларни Ўзбекистон орқали олиб чиқмоқчи. Британ аскарларининг деярли барчаси ҳаво парвозлари орқали ватанга қайтишади, лекин британ армияси Афғонистонда кўп сонли оғир ҳарбий машиналар ва жиҳозларга эга ва булар Ўзбекистон орқали олиб чиқилади. Британия олиб чиқиши мўлжаллаётган ҳарбий жиҳозлари 16 мингта вагонга тенг дейилмоқда. Афсуски, Покистон билан бугунги муносабатларни ва Афғонистон-Покистон чегарасидаги хавфли вазиятни ҳисобга оладиган бўлсак, британ ҳарбий жиҳозларини у томондан олиб чиқишнинг умуман иложи йўқ. Ўзи аслида бу жиҳоз ва машиналар Покистон орқали киритилганди, лекин олиб чиқишнинг имкони йўқ.

"Нақлиёт учун тўланадиган ҳақиқий тўловлардан кўра, (Тошкентга) транзит тўловлари доирасида юз миллионлаб доллар тўланади. "

Крейг Маррей

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистон транзит йўлларидан фойдаланиш йўллари кўпдан бери муҳокама қилинаяпти, ҳамда НАТО ва АҚШ бу борада Тошкент билан келишиб бўлган. Британ ҳукумати аъзоларининг ҳадеб Тошкентга бораверишига нима ҳожат бор?

Мюррей: НАТО қўшинлари борасида умуман олганда келишувга эришилган бўлсада, ҳар бир ҳукумат билан алоҳида, индивидуал равишда транзит шартномалари тузилиши керак. Ҳар бир мамлакат ўз ҳарбий жиҳозлари транзити учун пул тўлашга масъулдир. Бу тўловлар НАТО томонидан марказлашган равишда амалга оширилмайди. Шунинг учун ҳам британ ҳукумати транзит бўйича Тошкент билан икки-томонлама келишувга эришиши керак. Шу сабабдан кўп сонли британиялик юқори даражали мулозимлар Тошкентга сафар қилиб туришибди.

Би-би-си: 16 мингта вагон бу анча кўп ҳарбий жиҳоз...

Мюррей: Бу жуда кўп жиҳоз. НАТОнинг ўзи Афғонистонда умумий ҳисобда 12 мингдан ошиқ машиналарга эга. Буларнинг барини олиб чиқиш керак. Бу фақат машиналарнинг сони, ва уларнинг аксари ҳарбий машиналардир. Бу жуда-жуда кўп юк. Шуни ёдда тутиш керакки, бу юклар Афғонистонга бирданига олиб кирилмаган, балки 10 йил давомида олиб кирилган. Лекин ана шу 10 йил ичида олиб кирилган юклар энди уч ой ичида олиб чиқилиши керак бўлади. Шуларни ҳисобга олсангиз, бу нақадар қийин вазифа эканини тасаввур қилсангиз бўлади.

Би-би-си: Британия ҳукумати Тошкентга Ўзбекистон орқали транзит учун қанча пул тўлаши керак бўлади?

Мюррей: Нақлиёт учун тўланадиган ҳақиқий тўловлардан кўра, транзит тўловлари доирасида юз миллионлаб доллар тўланади. Мана шу тўловлар ҳозирда ўзбек ҳукумати билан муҳокама қилинаётган масалаларнинг биридир. Мен сизни ишонтириб айтишим мумкин, Президент Ислом Каримов оиласи бундан бевосита катта фойда кўради.

Гулнора Каримова халқаро санъат, мода, бизнес ва сиёсат доираларида мунтазам равишда кўриниш бериб келади

Би-би-си: Сиз ўз веб саҳифангизда пул тўловларидан ташқари Президент Каримов британ ҳукумати олдига баъзи сиёсий талабларни ҳам қўяётганини айтгансиз. Бу қандай талаблар?

Мюррей: Ҳа, албатта. Ўзбекистон ҳукумати бу фурсатдан фойдаланиб, имконқадар кўп сиёсий очколар тўплаб қолишга ҳам ҳаракат қилаяпти. Тошкент аллақачон НАТОдан Ўзбекистонга қарши барча санкцияларнинг бекор қилинишига эришди. Чекловлар бекор қилиниши ортидан, Британия ўзига ўзбек зобитларини таклиф қилиб, уларни ҳарбий тайёргарликлардан ўтказишни яна бошлади. Британия ва Америкадан Ўзбекистонга қурол-аслаҳа ва ҳарбий жиҳозлар юборилиши бошланди. Шунингдек, Президент Каримовнинг халқаро имиджини яхшилашга ҳаракат қилинмоқда. Ўзбекистон тарафи Британиядан Президент Каримовнинг Лондонга расмий равишда таклиф қилинишини талаб қилмоқда. У Британияга ҳеч қачон расмий сафар билан келмаган, чунки у бу ерда диктатор дея саналади. Мана шу каби сафар ҳозир Каримовнинг талаблари рўйхатида энг юқори ўринларда турган талаблардан биридир. Ундан ташқари, Британия ташқи ишлар вазирлигига ўзбек президентининг қизи Гулнора Каримова Лондонга элчи этиб тайинланиши борасида сўров келиб тушган. У бу лавозимни ўзи жуда истаяпти экан, чунки бу ерда Россиянинг кўп олигархлари яшашади. Ва бу талаб ҳам, албатта, Британия ҳукумати ечиши жуда қийин бўлаётган масала бўлиб турибди.

Би-би-си: Биз Гулнора Каримованинг Британияга элчи этиб тайинланиши масаласи борасида Британия ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдик, лекин вазирлик бундай келишув ё сўровнома бўлганини рад қилди. Сиз Британия ҳукумати аъзоси эмассиз. Бу каби маълумотларни қаердан олаяпсиз? Нимага сизга ишониш керак?

Мюррей: Мен ташқи ишлар вазирлиги аъзоси сифатида Британия ҳукуматининг ҳам аъзоси бўлиб 20 йилдан ошиқ ишлаганман. Шунингдек, мен олти йил давомида ташқи ишлар вазирлигидаги юқори даражали бошқарув тизимининг аъзоси бўлганман. Мен ўша даврда бирга ишлаган ҳамкасбларим орасида ҳали ҳам кўп дўстларимга эгаман. Улар нималар бўлаётгани борасида менга маълумот бериб туришади. Бир нарсани урғламоқчиман, британ ҳукумати Гулнора Каримованинг элчилиги талабига рози бўлмаган ва бу борада келишувга эришилмаган. Лекин бундай сўровнома ё талаб бўлмади деган маълумот ёлғон маълумот. Бундай сўровнома Тошкентдан Британия ташқи ишлар вазирлигига юборилган.

Британ Бош Вазири Дейвид Камерон олдида ўз қўшинлари ва ҳарбий жиҳозларини ватанга қайтаришдек қийин вазифа турибди

Би-би-си: Лекин, Гулнора Каримова агар Британиядек давлатда элчи бўлиш истагида бўлганида, шу кунларда поп мусиқий альбом чиқармасди, шундай эмасми?

Мюррей: Баъзилар фикрида, нафақат Британиядаги элчи, балки ўз мамлакатининг президенти бўлишни истаётган одам учун ҳам поп мусиқий альбомни чиқариш бир беўхшов қадам бўлиши мумкин. Лекин, афтидан Каримов оиласи Гулнора Каримова оддий хулқ-атвор меъзонларига бўйсунишига мажбур эмас деган фикрда.

Би-би-си: Сиз ўз веб саҳифангизда нафақат Президент Каримов Лондонга сафар қилишни истаётгани, балки Британия Бош Вазири Дейвид Камероннинг ҳам Тошкентга расмий сафар қилишини сўрамоқда деб айтгансиз. Бу икки сафар амалга ошишининг эҳтимоли қанча деб ўйлайсиз?

Мюррей: Менинг фикримча, британ ҳукумати бу талабга жавоб беришга келганда, Тошкентга ён босади. Мен деярли тўла ишонч билан айта оламанки, биз келаси йил Дейвид Камероннинг Тошкентга сафари қилишига гувоҳ бўламиз. Ва ўйлашимча, Каримов ҳам Лондонга таклиф қилинади. Лекин унинг сафари давлат сафари бўлмайди ва унга Қиролича Елизавета II мезбонлик қилмайди. Бу бош вазир мезбонлик қиладиган расмий сафар бўлади, холос. Менга британ ташқи ишлар вазирлигидаги манбаларимнинг айтишларича, Каримовга ана шундай сафар танлови таклиф қилинаяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.