Туркияда Ўзбекистонни ўзгартириш ниятида анжуман ўтказилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистонда бир пайтлар ўзбек мухолифати бошпана топгани Истанбулни "илонлар уяси" деб ҳам аташган

Туркиядаги "Эркин Ўзбекистон" анжумани ташаббускорлари Ўзбекистонда ўзгаришлар қилиш ва мамлакатни тараққийпарвар ўлкалар қаторига қўшишни мақсад қилишганини айтишмоқда.

Ҳозирги тадбир эса, аввало, Ўзбекистондаги аҳволдан Туркия ва жаҳон жамоатчилигини янада кенгроқ бохабар қилишни кўзда тутади.

"Албатта, илк ўринда тинч йўллар билан ўзгаришлар ва ислоҳотларга эришиш мақсад қилинган" - дейди иштирокчилардан Ўзбекистон Халқ Ҳаракати вакили Намоз Нормўъмин -"Акс ҳолда ҳозирги тузумдан халқ жуда чарчаган ва ўз-ўзидан тўлқинланиб кетиши мумкин. Аммо ўшанда биз буни қўллашимизни баён этдик".

Анжуман ташкилотчилари, асосан, "Эрк" Демократик Партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир.

Бироқ муҳожиротдаги барча ўзбек мухолифати гуруҳлари вакиллари қатнашганлари йўқ.

Ўзбекистонда тижорат юритган ва кейинроқ чиқиб кетишга мажбур бўлган, ўз сармояларини йўқотганини айтаётган турк ишбилармонлари ҳам ушбу тадбирга чақирилганлар.

"Улар Ўзбекистонга ёрдам бермоқчи бўлган одамлар ва анжуманга келиб, мамлакатдаги аҳвол ҳақида ўз фикрлари ва таклифларини айтишди" - дейди Намоз Нормўъмин.

Иштирокчиларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда нафақат сиёсий, балки иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ҳам жуда долзарб турибди.

Хориждаги мухолифат вакиллари шу кунларда тўғридан-тўғри юз минг одамга "Эркин Юрт" газетасини етказишаётганин айтмоқдалар.

"Кўплаб ўзбеклар бугун ташқарида. Биргина Россияда 3 миллион ўзбек бор. Демак бу одамлар тўғридан-тўғри маълумотга эришмоқдалар.

Ўзбек-Турк совуқ алоқалари

Бироқ кузатувчиларга кўра, ушбу анжуман ортидан шундоқ ҳам таранг ўзбек-турк алоқалари яна ёмонлашиб кетиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳозир турк мактаблари ёпилган, қатор турк тижоратчилари ё чиқиб кетишган, ё ҳибсга ташланганлар. Шунингдек, Ўзбекистон Нурчилар гуруҳини ёшларга таъсир ўтказганликда айблайди.

Туркия ҳозир Ўзбекистон ватандошлари учун визасиз тизим жорий этган. Бироқ Ўзбекистон турклардан виза талаб қилади ва турклар бу визани олиш ўта қийинлигини айтишади.

Шунингдек, Ўзбекистон турк дунёси тадбирларида кўшма тадбирларида ҳам деярли қатнашмайди.

Айрим ўзбеклар эса визасиз бориш имкони бўлса-да, Туркияга дам олиш учун боришга қўрқишларини айтишади.

"Тинч юрайлик, бир ҳафталик дам олиш деб Ўзбекистонга қайтгач, балога қолмайлик".