Ўзбекистон: Интернетда порно, зўравонлик ва сиёсий эркинлик баҳси

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбек таҳлилчилари ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатлари кўплигини айтишади

Ўзбекистон телевидениеси намойиш этган интернет ҳақидаги кўрсатувларнинг сўнггиси ижтимоий тармоқларнинг ижобий ва салбий жиҳатларига бағишланади.

Қатнашчилар бу каби тармоқлардан етадиган таҳдидлар борасида огоҳлантирганлар.

"Таҳдид фақат Фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқдан келмайди" - дейди кўрсатув иштирокчиларидан ёзувчи Исажон Султон Би-би-си билан суҳбатда - "Ғалати, уюшган гуруҳлар бор. Нацистлар сайтлари туради. Инсон ўзини қандай қилиб осон ўлдириши мумкин, деган саҳифалар бор".

Қатнашчиларга кўра, турли зўравонлик ва низоларга ундайдиган вебсаҳифалар ёшларга салбий таъсир этиши мумкин.

"Фейсбукда қайддан ўтаётган кишини назорат қилиш имкони йўқ, у ерда бутун инсониятга қарши одамлар тўпланиб қолиш мумкин эмасми?"

Бугун Ўзбекистонда миллий қадриятларни тарғиб этадиган телсериаллар ишлаш, бегона маданият ва одатларни ёядиган фильмлару вебсаҳифалардан эҳтиёт бўлиш ҳақида кўп гапирилади.

"Миллий қадриятларимиз бу - ўзимиз катта бўлаётган муҳит, ота-онага ҳурмат ва қўшнилар билан муносабатлар. Бошқа дунёқарашга эга кишиларнинг бизга бегоналик масаласи ҳам бор" - дейди Исажон Султон.

Ўзбекистонда жуда кўплаб сиёсат, иқтисод ва оддий одамлар ҳаёти ҳақида танқидий мақолалар ёзадиган вебсаҳифаларга тўсиқ қўйилади. Мамлакат бир неча бор "интернет душманлари" рўйхатига ҳам тушган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, айниқса, Араб дунёсидаги исён ва инқилоб ғояларининг ёйилишида ижтимоий тармоқлар ўрни катталиги айтилиши ортидан, Ўзбекистон интернет чекловини янада кучайтирган.

Бироқ кучли назорат тарафдорларининг ўйлашича, бу халқнинг ахборотга бўлган ҳуқуқини чеклашни англатмайди.

"Ўз уйим мисолида гапираман. Порнография, ирқлараро нотенгликни тарғиб қиладиган ва ё зўравонликка асосланган саҳифаларга тўсиқ қўйсам, фарзандларим яккаланиб коладими?" - дейди ўзбек ёзувчиси.

Кўплаб жамиятларда интернет ва ижтимоий тармоқлар эркин сўз айтиш имконияти ҳамдир. Айни дамда, интернет оммалашган мамлакатларда бу каби тармоқлардан жиноий гуруҳлар, низо қўзғовчи шахслар ҳам фойдаланаётгани ҳақида хавотирлар кучли.

Булар, масалан, болаларни педофиллардан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳамда низо чақириқларини чеклаш, ҳақоратга йўл қўймаслик ё порнографик саҳифаларнинг оилавий компьютерга кириб келишини самарали назорат қила олиш каби масалалардир.