'Ўзбек чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини уриб ўлдиришган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳодиса ўтган пайшанба куни юз бергани айтилади

Ўзбек чегарачилари Қирғизистон билан ўзаро чегарада бир ўзбек фуқаросини дўппослаб, ўлдиргани иддао этилмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги Ленбург қишлоғи аҳолиси 32 ёшли Наримон исмли қишлоқдошларининг Ўзбек чегарачилари томонидан қаттиқ калтакланиши натижасида ҳаётдан кўз юмганлигини айтишмоқда. Ҳодиса шу пайшанба куни юз берган.

Унинг икки боланинг отаси бўлгани айтилади ва хотини учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган.

Қишлоқ аҳолиси сўзларидан аён бўлишича, аскарлар Наримонни ноқонуний йўллар билан чегараоша турли майда товарлар олиб ўтаётган одамларга воситачилик қилиб, улардан пул олишда гумон этишган.

Уларга кўра, шундан сўнг ҳарбийлар Наримонни Девайрон қишлоғидаги ҳарбий қисмга олиб боришган.

Қилмишига иқрор бўлишини талаб қилиб, калтаклашган ва Наримон ҳаётдан кўз юмган.

Наримоннинг жасадини кўрган инсонлар унинг оғир тан жароҳати олганлигини таъкидлашган.

Қишлоқдошлари Наримоннинг Ўзбек-Қирғиз чегара постига яқин ердаги чорвахонага қоровуллик қилгани, бироз ақли заиф бўлганини айтишади.

Ҳодисани ўрганган маҳаллий журналистлардан бирига кўра, тезда суд-тиббий экспертиза текширувлари ўтказилиб, Наримоннинг жасади ўша куннинг ўзида дафн этилган.

Тошбўрон

Ҳудуддан олинган хабарлардан аён бўлишича, юз берган ҳодисадан ғазабга келган Ленбург қишлоғи аҳолиси чегара постига ҳужум қилиб, чегарачиларни тошбўрон қилишган.

Улар жавобгарларни топиб жазолашни талаб этишган ва акс-ҳолда ўз амалларини давом этдиришлари билан огоҳлантиришган.

Хабарларга кўра, қишлоқ туман марказига яқин бўлгани учун, маҳаллий масъуллар ҳудудга келиб, одамларга маслаҳат бериб, вазиятни тинчитишган.

Маҳаллий журналистлардан бирининг қишлоқ аҳолиси сўзларига таяниб айтишича, улар жавобгар шахсни ўзлари билан бирга олиб кетишган.

Журналистга кўра, юз берган ҳодиса юздан жиноий иш очилган ва ҳозир тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозир ҳудудда вазият тинч, чегара ва йўллар очиқ, маҳаллий аҳоли кундалик юмуши билан банд экани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ