Ўзбекистоннинг энг бой одами ким ё бу мамлакатда қонуний бойиш имкони борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Британияда нашр этиладиган Sunday Times рўзномаси мамлакатнинг бу йилги энг бой одамлари рўйхатини эълон қилган.

Бу рўйхатда асли ўзбекистонлик ишбилармон Алишер Усмонов яна Британиянинг иккинчи энг бой одами деб топилган.

Sunday Times рўзномасининг бу йилги рўйхатида жаноб Усмонов 20 миллиард АҚШ долларидан зиёд сармояси билан ҳиндистонлик пўлат корчалони Лакшми Митталдан кейинги ўринда турибди.

Учинчи энг бой одам ҳам россиялик, "Челси" футбол клубининг соҳиби Роман Абрамович.

Алишер Усмоновнинг ватани булган Ўзбекистонда расман миллионер ва миллиардерлар йўқ.

Ҳозиргача хорижда миллиардер деб тан олинган Ўзбекистон фуқаролари - Президент Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола Каримовалардир.

Швейцариянинг "Bilan" журнали ўтган йили опа-сингилларининг бойлигини бир миллиард долларга тенг, деб баҳолаган.

Аммо Тошкент шаҳридаги миллионлаб доллар давлат маблағларини ўзлаштириш ҳоллари юзасидан тергов олиб борган собиқ прокурор Ботир Ҳусайиновнинг айтишича, Ўзбекистонда яширин миллионерлар оз эмас.

"Ўз бойлигидан солиқ тўламаган, декларация тўлдирмаган бойларимиз жуда кўп", дейди Ботир Ҳусайинов.

Мисол учун бир киши тепада ўтирипти раҳбар бўлиб. Чет эл билан ҳар қандай шартномани олсангиз, нефт-газ бўйича, ердан чиқаётган тилла борми, мис борми, ўшалар билан шартнома қилинса, қайси мамлакат билан бўлишидан қатъи назар, шартномадаги маҳсулот қиймати Ливерпул биржасидаги баҳо бўйича белгиланади. Бу шартномада "дисконт" деб аталадиган тартиб бор, бу дисконтнинг миқдори шартномада кўзда тутилган маблағнинг 10 фоизгачасини ташкил этади. Ўша маҳсулотни сотиб олган ширкат бу дисконтни қаерга ўтказайлик, деб сўрайди. Ўшанда бу маҳсулотни сотаётган одам "менинг Англияда ёки Дубайда ширкатим бор, ўша ширкат ҳисобига ўтказинг", дейди, дея тушунтиради Ботир Ҳусайинов.

Ботир Ҳусайиновга кўра, Ўзбекистонда шу пайтгача ҳам мамлакатнинг хомашё бойликлари савдосидан мана шу йўл билан даромад кўраётганларни текширадиган масъул идора йўқ.

"Буни бизда қилишолмайди", дейди собиқ прокуратура ходими.

"Мен биламан, одамларнинг Англияда фирмалари бор, Қозоғистонда бор. Жуда кўпчиликнинг Дубайда ҳисоб рақамлари бор", дейди Ботир Ҳусайинов.

Аксар маҳаллий ҳамда хорижий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда мамлакат мустақилликка эришганидан буён шаффоф бизнес билан шуғулланиш ва қонуний йўл билан бойиш имкониятлари яратилмаган.

Ўзбекистонлик ва хориждан мамлакатга сармоя киритган бизнесменларнинг ўз фаолиятларини тўхтатишларига ҳам ноқонуний ва ҳам Ўзбекистон мутасадди идораларининг босимлари сабаб бўлган.

Конвертация билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ўз маҳсулотларини тарқатиш нуқтасига айлантиришни истаган дунёнинг қатор машҳур ширкатларини охир-оқибат бундай нуқта сифатида Қозоғистонни танлашларига мажбур этди.

Дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатига кирган ўзбекистонликлар ҳам бошқа мамлакатлар ишбилармони сифатида эътироф этилганлар.

Ботир Ҳусайинов билан суҳбатни тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ