Ўзбекистон сим тўрлар ичида қолган мамлакатга айланадими?

Image caption Яқинда Ўзбекистоннинг қўшнилари билан симтўр тортилмаган чегараси қолмайдими?

Қозоғистон бу йил Ўзбекистон билан ўртадаги икки ярим минг километрлик чегарани сим тўр билан ўраб чиқади.

Бу ҳақда билдирган Қозоқ чегара хизматига кўра, Еттисойдан бошланиб, то Каспийга қадар тикланадиган симтўрлар Қозоғистоннинг жанубий қўшнилари - Ўзбекистон ва Туркманистон билан ўртадаги қарийб барча сарҳадларини қамраб олади.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати директори Нуржан Мирзалиев бу янгиликни Олма-Ота шаҳрида уч кун давомида бўлиб ўтган МДҲ чегара хизматлари раҳбарларининг мажлиси пайти айтган.

Апрел ойининг сўнгги ҳафтасида Қозоғистонда йиғилган чегара хизматлари раҳбарлари бир неча муҳим масалаларни муҳокама қилганлари ҳақида хабар қилинган.

Бу масалалар наркобизнес, гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтиш, нолегал мигрантлар, одам савдоси ва терроризмга қарши кураш чораларини кўзда тутган.

Шундан кейин қатор ҳужжатлар имзолангани айтилган, ўша ҳужжатлар орасида Қозоғистоннинг Ўзбек ва Туркман чегараларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар ҳам борлиги хабар қилинган.

Қозоғистон нега Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларига сим тўр тортишга қарор қилгани сабаби Қозоғистоннинг ўз жанубий чегараларини мустаҳкамлаш мақсадидаги чоралар деб тушунтирилаяпти.

Қозоқ чегара хизмати раҳбари Нуржан Мирзалиев сўзларига кўра, муҳандислик иншоотлари тизимини Ўзбекистоннинг Тошкентга яқин Еттисой тумани ҳудудларидан бошлаб то Каспий денгизи соҳилларигача барпо этишни 2012 йил охиригача битказиш режаланган.

Кузатувчиларга кўра, ўтган йили тоққа чиқмоқчи бўлган чимкентлик алпинистларнинг адашиб қолганларидан кейин Ўзбек чегарачилари ушлаб, давлат чегарасини бузишда айблаб қамаб қўйишгани, шу йил бошида гўё Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон тарафидан учиб борган учувчисиз бошқариладиган учоқ билан боғлиқ можаро Қозоғистон томонининг ушбу қарорни қабул қилишига туртки бўлган бўлиши мумкин.

Шу пайтгача Ўзбекистоннинг Навоий, Хоразм ва Қорақалпоғистонига туташ Қозоғистон чегаралари улкан чўл ҳудудлари бўлгани учунгина Шўро давридагидек чегара иншоотлари қурилмай қолиб келаётган эди.

Афғонистон билан чегара ҳали СССР даврида ўтиб бўлмас шароитга келтирилган, 1999-, 2000-йиллардаги исломий жангариларнинг Ўзбекистонга ўтишга уриниши олдини олиш деб тушунтирилиб, Ўзбекистоннинг Тожикистонга туташ тоғли ҳудудлари миналаштирилган.

2005 йилдан кейин Фарғона водийсидаги Қирғизистон чегараларига чуқур хандақлар қазилган.

Ўзбекистон бир томонлама Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Қозоғистонга чегарадош жойларидаги аҳоли уйларини бузиб, чегара иншоотларини қуришни бир неча йил олдин бошлаган.

Туркманистон эса бундан 10 йиллар олдин Ўзбекистон билан муносабатлари совуқлашганидан кейин чегараларини мустаҳкамлашга қарор қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ