Фарғона водийсига Қамчиқ довони оша темир йўл режаси - иқтисодми ё сиёсат?

Image caption Қамчиқ довони (Расм ferghananews.com саҳифасидан)

Ўзбекистон мулозимлари Қамчиқ довони оша Ангрен шаҳрини Фарғона водийси билан боғлайдиган темир йўл қурилиши режаси ҳақида эълон этар экан, айрим мутахассислар бу каби лойиҳанинг самарадорлигига шубҳа билан қарамоқдалар.

Миллионлаб доллар сармоя талаб қиладиган айни режани ортидаги асосий сабаб, аксарият шарҳловчиларга кўра, мамлакатнинг иқтисодий талабу эҳтиёжлари эмас, балки асосан Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасидаги совуқ муносабатлардир.

Би-би-си Марказий Осиё масалаларида шарҳловчи Жон Маккарти билан боғланиб, Қамчиқ довони оша қуриладиган темир йўл режасининг иқтисодий ва сиёсий омиллари ҳақида сўраган.

Жон Маккарти: Айни лойиҳани қуриш жуда қимматга тушади. Айниқса, айни темир йўлнинг бу қадар тоғли бир минтақада қурилиши катта маблағ талаб этади. Зотан, бу темир йўлнинг маълум қисми аллақачон қурилиб бўлган. Масалан, Ангренга қадар темир йўл бор ва бу асосан кўмир кони учун ётқизилганди. Тоғ оша Фарғона водийсида эса тайёр темир йўл тизимлари бор. Аммо ҳамма гап шундаки, бу икки минтақани боғловчи йўл денгиз сатҳидан икки минг метр тепага ўрлаши керак бўлади. Шунинг учун ҳам тоғли минтақаларда темир йўл ётқизилиши жуда қимматга тушадиган лойиҳалардан саналади.

Би-би-си: Ўзбекистон мулозимлари бу лойиҳани "мамлакат иқтисодий ривожланиши учун ҳаёт-мамот масаласи" қабилида кўкларга кўтаришлари турган гап, шундай эмасми? Аммо бу ерда гап иқтисоддан ҳам кўра кўпроқ сиёсат ҳақида бормаяптими?

Жон Маккарти: Бу мутлақо сиёсат билан боғлиқ. Яъни, бошқа бир давлатга кирмасдан ўз ҳудудларини боғлай оладиган темир йўл қурилиши табиийки, сиёсат билан боғлиқдир. Бундан ўн йилча аввал шунга ўхшаш лойиҳа амалга оширилган эди. Ўзбекистон ўз ғарбий ҳудудларини Туркманистонни четлаб ўтиб боғлайдиган темир йўл қурган эди.

Би-би-си: Бу темир йўл қурилиши ортида сиёсий сабаблар турадими ва ё қўшнилар билан анъанавий ёмон муносабатларми, нима бўлса ҳам, Қамчиқ довони оша бу темир йўл қурилиши алал оқибат мамлакат иқтисодига фойда келтирадими?

Жон Маккарти:Биласизми, айни лойиҳа менинг назаримда биринчидан қимматга тушади ва бу каби минтақада қуриладиган темир йўлдан ташиладиган юкларнинг оғирлиги чекланган бўлади. Иккинчидан эса айни темир йўлдаги қатнов жадал бўлмайди. Яъни, оғир вагонларни тепага чиқиши ҳам пастга тушиши ҳам осон бўлмайди. Менимча, танлов имконияти яратилса тижорий ширкатлар барибир Тожикистон оша темир йўлни танлашади. Бу ҳам тезроқ ва қулайроқ йўлдир. Эҳтимол, арзонроққа ҳам тушар...