'Ўзбекистон ҳукумати аҳолидан ноқонуний пул ундирмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Суҳроб Исмоиловга кўра, одамлар ўзларини эплаб, топиб юрган пулларига ҳам Ўзбекистон ҳукумати шерик чиқмоқчи

"Вилоятларда йиллар давомида узиб қўйилган газ ва электр учун ҳукумат вакиллари одамлардан пул ундирмоқда".

Яъни одамлар ўзлари ишлатмаган газ ва электр учун пул тўлашади.

"Эксперт" Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда Ўзбекистонда кенг қўлланилаётган тажрибани ана шундай тасвирлайди.

Унга кўра, маошлар ва нафақалар берилаётганида, ўша оиланинг давлат олдида қарзи борми-йўқми, бунга қараб ўтирмасдан, ёппасига пул ушлаб қолинаяпти.

"Эшитишимизча, Сурхондарёда вилоят ҳокими буйруғи билан ҳатто туман ҳокимларининг шахсан ўзлари қишлоқларга бориб одамлардан пул йиғиб чиқишган".

Ташкилот ҳисоботига биноан, бу каби тажрибалар анча пайтдан бери вилоятларда қўлланиб келади ва боғча ходималаридан тортиб, шифокорларгача аҳолидан пул йиғиб чиқиш ишларига сафарбар этилмоқда. Энди эса навбат Тошкент шаҳрига ҳам етиб келаётир.

"Пул қилиш мумкин бўлган ҳар йўлни ишга солишмоқда" - дейди Суҳроб Исмоилов -"Масалан ДАН ходимлари тузган ҳар бир жарима ҳужжати учун рағбатлантирилмоқда ва тушган жариманинг 30% ўша ходимнинг маошига қўшиб берилади".

Аммо Ўзбекистон четга катта миқдорда газ, олтин ва пахта сотади. Шунингдек, мамлакат расмийлари иқтисод жадал ўсаётгани ҳақида гапирадилар.

"Ўсаётган иқтисод ва ёки сотилаётган маҳсулотлардан тушадиган даромад халқ ҳаётида аксланиши керак эди" - давом этади Суҳроб Исмоилов - "Аммо одамлар айтилаётган ижобий ўзгаришларни ўз турмушларида ҳис қилишмаяпти".

"Одамлар ўзларини-ўзлари эплаб, топиб юрган пулларига ҳам давлат шерик чиқмоқчи бўлаяпти".