Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкентда отишма бўлганини рад қилган

Image caption Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, содир этилган ҳодиса "антитеррористик ўқув машқи" бўлган

"Фергана.ру" сайтида 4 май, жума куни Ўзбекистон пойтахтининг четида маҳбусларни темир йўл поездига ўтқазиладиган пайт фавқулодда ҳодиса юз бергани хабар қилинган эди.

Хабарда айтилишича, темир йўл вагонида олиб кетилаётган маҳбуслар исён кўтарган, қурбонлар бўлган.

Ўзбекистон давлат матбуоти бу ҳақда ҳеч қандай хабар тарқатмаган.

Яна "Фергана.ру" сайтининг маълум қилишича, Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакат пойтахтида маҳбусларнинг қўзғолон кўтаргани ҳақидаги хабарни рад қилган.

Россиянинг РИА-Новости ахборот агентлигининг хабар беришича,"Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шанба куни Тошкентнинг Шимолий вокзалида "антитеррористик ўқув машқи" ўтказилганини билдирган".

"Ўқув машқлари давомида террористлар томонидан поезнинг қўлга олиниши, гаровга олинганларни жангарилардан озод қилиш саҳнаси машқ қилинган",- деб айтган Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манба РИА Новости ахборот агентлигига.

4 май куни Фергана.ру"га Тошкентдан хабар берган номаълум манбанинг айтишича, кеча Яккасарой туманида куннинг иккинчи ярмида отишма бошланиб кетган.

Воқеа жойига зудлик билан етиб борган милиция ходимлари катта майдонни ўраб олишган.

Гувоҳнинг айтишича, "Корзинка" дўконининг рўпарасидан ўтган темир йўл устида отишма жуда узоқ давом этган.

"Темир йўл устида жасадларни кўриш мумкин эди. Одамлар қочди, яна отишмалар бошланди. Кейин БТРда келиб вагонларни ўққа тутишди. Ҳозир қоронғи тушди. Қуршовни олиб ташлашган. Ҳодиса айнан маҳбуслар билан содир бўлганига балки адашаётгандирман. Лекин уларнинг ҳаммаси бир хил маҳкумлар кийимига ўхшаган кийимда эди",-деб айтган номини ошкор этмаган гувоҳ.

Исмини очиқламаган шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар берган, бироқ расман тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, маҳбуслар қўриқчиларга ҳужум қилишган ва поездни ёки бир неча вагонни қўлга олишган.

Қўзғолон махсус хизматлар томонидан шафқатсиз бостирилган.

Маҳбусларни олиб кетаётгани гумон қилинган поезд ҳамон йўлда тургани, воқеа содир бўлган жойда кўплаб милиция ходимлари тезкор-қидирув ишлари бошлашгани айтилган.

Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Бироқ гувоҳнинг "Фергана.ру"га юборган фотосуратларига қараганда камида 4 киши ўлган.