Ўзбекистоннинг собиқ маданият вазири ўлдирилган

Марҳум Анвар Жабборов
Image caption Анвар Жабборов Ўзбекистонда қатор юқори лавозимли вазифаларда ишлаганди.

Тошкент ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигини бир неча йил бошқарган Анвар Жабборов ваҳшийларча ўлдирилган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Тошкент шаҳридаги бинолардан бирининг ертўласида ваҳшийларча ўлдирилган Анвар Жабборовнинг жасади қотиллик содир этилганидан 3 кун ўтгандан кейин топилган.

Тошкент милицияси қотилликда гумон қилинган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Анвар Жабборовнинг дафн маросими 13 май куни бўлиб ўтган.

Анвар Жабборов Ўзбекистон Халқ шоири Жуманиёз Жабборовнинг ўғли эди.

Мутахассислиги бўйича адабиётшунос бўлган 55 ёшли Анвар Жабборов Ўзбекистонда қатор юқори лавозимли вазифаларда ишлаганди.

У Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан ҳукуматнинг фан ва таълим учун масъул бўлимида ишлаган.

Анвар Жабборов "Ўзбекнаво" эстрада-концерт бирлашмасини барпо этиш тепасида турган инсонлардан бири эди ва бир неча йил давомида у бирлашмага раҳбарлик қилди.

2009 йилда Ўзбекистон президентининг фармонига биноан, у Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланган.

Вазир лавозимидан 2011 йилда озод этилганидан буён Анвар Жабборов "Ўзбекмузей" жамғармаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Кўпчилик Анвар Жабборовни "юмшоқ инсон" деб таърифларди, у билан қарийб тенгдош ва ёшлик йилларида ҳозирги Алишер Навоий номидаги, Шўролар давридаги Пушкин номидаги тил ва адабиёт институтида бирга ишлаган журналист ва адабиётшунос Ботир Норбой марҳумни "демократик қарашдаги зиёли эди", дейди.

"Бунақа раҳбарлар кам бўлади. Менимча, Маданият вазирлигини бошқарганда бировнинг бурнини қонатмаган Анварбек. Анвар Жабборовнинг жойи жаннатдан бўлсин", дейди Ботир Норбой.