Швеция: Обидхон қорига суиқасдда гумонланган икки шахсга айблов эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Обидхон қори шу йил февралида Стромсунд шаҳридаги уйи олдида отиб кетилган

Швеция полицияси таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасд юзасидан келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган бир эркак ва бир аёлга қарши айблов эълон қилган.

Прокурор Кристер Петерсоннинг жума куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, улар Обидхон қори Назаровга суиқасдни амалга оширишда кўмак берганликда айбланмоқда.

Прокурорга кўра, бу икки шахс маълум муддат Швецияда яшаб келган ўзбек фуқароларидир.

Дастлабки хабарларда уларнинг икки эркак экани айтилганди.

Жаноб Петерсон суиқасдни амалга оширган асосий ижрочининг ҳануз озодликда эканини айтган.

У қотилнинг шахси ва суиқасд мотивлари борасида тергов фаразларини ошкор этмаган.

Аввалроқ тергов далилларини тинглаган Швеция шимолидаги Остершунд шаҳар маҳкамаси икки гумондорни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

Жума кунги маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Исмлари ошкор этилмаган икки ўзбекистонлик уч кун мақаддам Швеция жанубида ҳибсга олинганди.

Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳрида ўз уйи йўлагида номаълум қуролли томонидан отиб кетилганди.

Таниқли имом шундан буён шифохонада беҳуш ҳолда қолмоқда.

Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан бўлган 54 ёшли Обидхон қори Назаров олти йил муқаддам Швециядан бошпана олган.

Бу мавзуда батафсилроқ