Ўзбекистон: ҳуқуқбон Гулшан Қораевага таъқиблар кучаймоқда

Елена Урлаева, Баҳодир Намозов ва Гулшан Қораева
Image caption Гулшан Қораева бир неча йилдан буён Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ёритиб келади

Ўзбекистон жанубидаги Қарши шаҳридан келаётан хабарларга кўра, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қораевага кўрсатилаётган таъқиблар кучаймоқда.

Воқеаларнинг сўнгги ривожланишида унинг уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилган.

"Эрталаб соат бешда қўшниларим (эшик) таққилатиб, мени уйғотишди. Қара нима қилиб кетишибди, деб улар мени уйғотишди. Кейин мен (ташқарига чиқсам деворнинг) расвоси чиқиб ётган экан," - дейди Гулшан Қораева.

Ҳуқуқ фаоли ҳақоратли сўзлар ва уятсиз суратларни девордан "қириб" ташлаганини айтади.

Гулшан Қораева сўнгги ойлар Қашқадарёдаги энергия муаммолари, маҳаллий ҳокимият зўравонлиги ва ёш болаларнинг мажбурий дала ишларига жалб этилиши устида иш олиб бораётган эди.

У ўтган шанба куни номаълум икки аёл тарафидан дўппосланганини айтади.

Ҳуқуқбон ҳозир уйида даволанаётганини билдирди.

Қораева хоним сўнгги ҳодисаларни ўзининг ҳуқуқбонлик фаолиятига боғлайди.

У Миллий Хавфсизлик Хизматига жосуслик қилишга рози бўлмаганини айтади.

"Мен Милий Хавфсизликка "қулоқ" бўлишга рози бўлмадим. Мана шунинг учун мен жазоланаяпман", - дейди Гулшан Қораева.

Тошкентдаги Эксперт Ишчи Гуруҳи таҳлилчиси Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Гулшан Қораевага қилинган "ҳужум биринчи марта эмас".

"Биз биламиз, Гулшан Қораева охирги 3-4 йил ичида Қашқадарё вилоятида (Ўзбекистонда норасмий) Инсон Ҳуқуқлари Жамияти номидан фаолият юритиб, жудаям кўп ижтимоий- иқтисодий муаммоларни, фуқароларнинг, айниқса, табиий газ, ичимлик суви, электр энергияга бўлган эҳтиёжлар бўйича муаммоларни кўтариб чиқаётган эди, " - дейди Суҳроб Исмоилов.

У Ўзбекистон ҳукуматини Гулшан Қораевага нисбатан кучайган таъқиблар юзасидан "дарров тешкирувлар" ўтказишга чақирди.

Бу мавзуда батафсилроқ