Россиядан энг кўп пул Ўзбекистонга кетмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc uzbek
Image caption Қўлида ҳунари бор ва ўқимишли кўплаб ўзбеклар ҳам бугун Россияда "қора" ишларни қилиб, уйларига пул жўнатишмоқда

"Ўзбекистонда тун-кун ишласам 200-300 минг сўм топаман, бу 130 доллар дегани" - дейди яқинда Россияга иш излаб келган қашқадарёлик Сардор -"Бу пул фақат энг муҳим озиқ-овқатга етади. Болам касал бўлса, дори олишим ҳам қийин".

Сардор - чилангар. Рафиқаси - каштадўз. Икковлон қачон буюртма чиқса, бироз пул ишлаб, 3 нафар боласини боқишга интилади.

Сардор узоқ йиллар оиласи ва ёш болаларини ёлғиз ташлаб Россияга келишни истамаган. Лекин энди иложи қолмаганини айтади.

"Электр кун бўйи узиб қўйилади. На мен чилангарлик қила оламан, на рафиқам машинада кашта тика олади" - дейди суҳбатдошим -" Бекор ўтирамиз. Яхшироқ ишга кираман десанг "шапкасини" тўлаш керак. Баъзи ишлардан оладиган маошингга икки қоп ун беради ё йўқ".

Янги муҳожир ўзи билан бирга Россияга илк бора иш излаб келаётган ватандошлари учоқда жуда кўп эди, деб айтади.

"Бу ерда ойига минг доллларлик чилангарлик ишлари бор экан. Яшаш ва овқатга пул тўламаймиз. Бошқа харажатларга 200-300 кетса ҳам, қолган 700 долларни уйимга жўнатаман".

Унинг айтишича, улар турган Москва яқинидаги дала ҳовлиларда аксар ўзбеклар ишлашади.

Ҳозир Россияда жами 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бўлса, Россия матбуоти ҳар иккинчи қонуний муҳожир - ўзбек, деб айтади.

Шунга қараганда, уларнинг ўтган йили Ўзбекистонга 5 миллиард АҚШ доллари атрофида пул юборишгани ҳайратланарли эмас.

Кейинги ўринда ватанига 2 ярим миллиард доллар атрофида пул ўтказган тожикистонликлар. Учинчи ўринда эса 1 ярим миллиард доллар билан қирғизистонликлар туришади.

Сўнгги кўрсаткичлар Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари жўнаётган пул мамлакат иқтисоди учун неқадар катта аҳамият касб этиб бораётганини кўрсатади.

Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетаётганларни Ўзбекистонда расман "мавжуд ноз-неъматларга шукур қилмай, мўмай пул топиш илинжида четга кетаётганлар" деб тасвирлашади.

Қатор муҳожирлар уйинини тиклаб олиш, тўй қилиш ва ё оиласи учун доимий даромад келтирадиган автомашина сотиб олиш ниятида Россияда ишлашаётганини тан оладилар.

Аммо Россия кўчаларида оғир ишларни қилаётган аксар муҳожирларга кўра, улар бор-йўғи болаларига нон топиб бериш илинжида ватанни ташлаб келишган.