'Ўзбекистонда ишсиз кўп, аммо келажакда ишчи кучи етмай қолади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc uzbek
Image caption Ўзбекистонда иш топа олмаган миллионлаб ёшлар яқин ва узоқ хориждан иш излашади

Ўзбекистонда ишсизлар сони ўта камлиги, меҳнатга лаёқатли аҳолининг атиги 5% иш излаётгани айтилади.

Бироқ на оддий ўзбеклар, на таҳлилчилар бу расмий рақамларга ишонадилар.

Зотан ҳозир камида 3-4 миллион ўзбекистонлик Россия ва Қозоғистонда ишламоқда. Яқин ва узоқ хорижга чиқиб кетаётган ҳам малакасиз, ҳам ўқимишли ёшлар оқими тўхтаётгани йўқ.

Мамлакатдаги ҳақиқий воқеликни акс эттирадиган маълумотларни қўлга киритиш ўта мушкул.

"Қоғозларда бошқа гап, ҳаётда бошқача воқелик" - дейди Ўзбекистонда ишсизлик масаласини ўрганган Тошкентдаги "Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов - "Ўзбекистонда демография тадқиқотлари ўта кам ва бўлганда ҳам натижаси ошкор қилинмайди".

Ўзбекистон ҳукумати эндиликда ишсизликни обдон ўрганиб, ҳатто четга кетаётган меҳнат муҳожирлари борасида ҳам хонадонма-хонадон юриб, шуғулланмоқчи.

Аммо кўпчилик уйма-уй юриб суриштириш ёрдамида ҳукумат қачон ё қайси мамлакатга кетган одам ҳақида керакли маълумотларни қўлга киритишга интилмасмикан, дея хавотир билдирадилар.

Ҳозир миллионлаб ўзбекистонлик ёшлар Россия ва Қозоғистонда турли ишларни бажариб пул топишади. Ўзбекистонда эса олий маълумотли ва ҳунарли ёшлар ҳам бугун иш топишга қийналишларини айтишади.

"Туркия ва ҳатто Оврўпода ўқиб келган ёшлар тузукроқ иш топа олмай, тижорат қилишга мажбур бўлишмоқда" - дейди ўз номини ошкор этишни истамаган ўзбек талабаси.

Танқидчиларга кўра, иқтисодий имконларига қарамасдан, Ўзбек ҳукумати ёшларни иш билан таъминлашни уддалай олмаяпти. Айни дамда, келаси 10-15 йил ичида ҳозирги воқелик тескари натижа бериши мумкин, деган хавотирлар ҳам айтилмоқда.

"Миллионлаб ёшлар Россияга кетишмоқда. Қашшоқлик ва аёлларни бичиш туфайли туғилиш камайган" - дейди Суҳроб Исмоилов -"Шу боис келаси 10-15 йил ичида Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ишчи кучи етишмай қолиши ҳам мумкин".

Халқаро молиявий инқироз ва йирик иқтисодларнинг депсиниб қолаётгани жаҳон иқтисодиётига у қадар уйғунлашмаган Ўзбекистонга катта таъсир этмаган.

Ўзбек расмийлари бераётган рақамлар эса мамлакат иқтисоди ўсишини Хитой, Туркия ва Бразилия каби жадал ўсаётган иқтисодлар қаторига қўшади.

Аммо воқелик билан яқиндан таниш мутахассисларга кўра, Ўзбек ҳукумати айтаётган иқтисодий ўсиш ортидан на аҳоли турмуши яхшиланган, на янги иш ўринлари яратилган.