Халқаро Амнистия:"Ўзбекистонда сўз ва йиғилиш эркинлиги янада чекланди"

Image caption Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистон яна танқид қилинмоқда

Ўзбекистонда охирги бир йил ичида сўз ва йиғилиш эркинлиги янада чекланди, дейилади Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти чиқарган йиллик ҳисоботда.

"Икки нафар инсон ҳуқуқлари фаоли муддатидан олдин қамоқдан озод этилди, аммо бошқа эътиқод маҳкумлари қўрқинчли, ноинсоний ва таҳқирловчи шароитда узоқ қамоқ муддатларини ўташда давом этмоқдалар," - дея таъкидлайди Amnesty ўзининг "Дунёда инсон ҳуқуқларига оид вазият ҳақида"ги янги ҳисоботида.

Amnesty ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда маҳбусларга муносабатни яхшилашни кўзда тутган янги қонунлар кучга кирган бўлса ҳам, маҳбуслар ва маҳкумларга қийноқлар қўллангани ва ёмон муомалада бўлинганига оид ўнлаб хабарлар чиқишда давом этди.

"Расмийлар сўз ва йиғилиш эркинлигини чеклашда давом этдилар", - дейилади ҳисоботда.

Апрел ойида журналистларга ёзма рухсатсиз халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий дипломатлар билан учраша олмасликлари ёки матбуот анжуманлари ва семинарларда иштирок эта олмасликлари маълум қилинди.

Ҳисоботда шунингдек Ўзбекистондаги Британия элчихонаси матбуот котиби Леонид Кудрявцев "йиғинлар ўтказиш, кўча намойишлари ва юришлари ҳақидаги қонунларга хилоф иш тутгани учун" йирик миқдорда жаримага тортилгани алоҳида таъкидланган.

"Прокурорлар уни Британия элчихонаси биноси ичарисида мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари учун ўтказилган машғулот семинарлари пайтида экстремизмни тарғиб этишда айблашди," - дейилади Аmnesty ҳисоботида.

Унда қайд этилишича, ўтган йилларда бўлгани сингари ҳуқуқбонлар ва мустақил журналистлар таъқиб остига олинганлар, калтакланганлар, ҳибсга олинганлар ва улар устидан адолатсиз маҳкамалар бўлиб ўтган.

"Улар полицияга сўроққа чақирилдилар, уй қамоғига олиндилар ва фуқаровий либосдаги ходимлар томонидан давомли кузатилдилар," - дея таъкидланади ҳисоботда.

Баъзи ҳуқуқбонлар полиция ёки махсус хизматларга ишловчи шахслар томонидан дўппосланганликлари ҳақида хабарлар тарқатганлар.

"Контр-террор ва хавфсизлик"

Image caption "Террорга қарши кураш"да хўл-қуруқ баравар ёнмоқдами?

Аmnesty йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда манъ қилинган Исломий ҳаракат, ташкилот ва партиялар аъзолари ёки улараг алоқадор бўлган аъзолари бўлгани гумон қилинган шахсларни экстрадиция қилиш йўлларини излашда давом этмоқда.

Экстрадиция сай-ҳаракатлари, ташкилот айтмоқчи, "мамлакат ва минтақа хавфсизлиги ҳамда терроризмга қарши кураш" важлари билан амалга оширилади.

Ўзбекистонга мажбуран қайтарилганлар қийноққа солинишлари ва узоқ қамоқ жазоларига ҳукм этилишлари мумкин, дейилади ҳисоботда.

Аmnesty ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция этилган 28 нафар ўзбек қочинлари ишини алоҳида тилга олган.

Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция этилган 28 нафар ўзбекистонликнинг камида 12 нафарига диний экстремизм ва "Жиҳодчилар" исломий ташкилотига аъзолик айблови билан маҳкамага тортилгани хабар қилинган.

"Экстрадиция этилган шахсларнинг барчаси ташқи дунёдан иҳоталанган ҳолда ушлаб турилган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ишонишича, улар Тошкент қамоқхонасида сақланган ва қийноққа тутилган бўлишлари мумкин. Уларнинг яқинлари хавфсизлик кучлари томонидан таъқибга учраган ва экстрадиция этилган шахсларнинг қаерда сақлангани хабар қилинмаган", - дейилади ҳисоботда.

Аmnesty Қозоғистондан экстрадиция этилган мазкур шахсларнинг баъзилари 4 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этилганини хабар қилган.

Ташкилот шунингдек ғарб давлатларининг Ўзбекистон билан яқинлашиш сиёсатини танқид остига олган.