АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи: Ўзбекистон яна энг пастки қаторда

Ҳиллари Клинтон 2011 йил инсон ҳуқуқлари учун ўта катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳиллари Клинтон 2011 йил инсон ҳуқуқлари учун ўта катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган

АҚШ Давлат департаменти дунёдаги инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботида Ўзбекистонни "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта абгор қолаётган" давлатлар қаторига киритган.

Ўзбекистондан ташқари Эрон, Шимолий Корея, Туркманистон, Сурия, Белорус ва Хитой каби мамлакатлар ҳам 2011 йил 194 давлатда кузатилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган ҳисобот рўйхати энг пастидан ўрин олган.

АҚШ Давлат департаменти қийноқлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тарафидан таҳқирланиши, уларни адолатли маҳкамалардан мосуво қолдирилиши, диний эркинликларга чекловларни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан энг катта муаммолар сифатида қайд этади.

Бундан ташқари Ўзбекистонда маҳбусларнинг ташқи оламдан узиб қўйилиши, қамоқ муддатлари узайтирилиши, турмалардаги ўта абгор шароитлар, сўз эркинлиги ва фуқаровий жамиятлар фаолияти чеклангани, мажбуран пахта йиғим-теримига жалб этиш каби инсон ҳуқуқларига зид амаллар сақланиб қолаётгани таъкидланади.

"Ўзбекистонда марказлашган бошқарув бўлими сиёсий ҳаётда ҳукумронлик қилади ва ҳукуматнинг бошқа бўлимларини қарийб назорат қилади", дейилади АҚШ Давлат департаменти чиқарган ҳисоботда.

Ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва бошқалар таҳқирлар, асоссиз қамоқ ва сиёсий важлар билан таъқиблар ҳамда ҳибсларга юз тутишлари Ўзбекистонда кузатилаётган воқеълик экани айтилади.

Бундан ташқари ҳисоботда Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол юзасидан ҳам хавотирлар билдирилган.

'Баъзан зўравонликлар демократияга йўл очмоқда'

Ҳисоботни тақдим этган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон 2011 йил инсон ҳуқуқлари учун ўта катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаган.

Унинг айтишича, Араб давлатларида диктаторликдан демократия ва эркинлик томон кўпда тўполонлар, айрим ҳолларда эса, зўравонликлар билан ўтишга тўғри келмоқда.

Мисрни мисол келтираркан, Клинтон хоним ўтган йилги зўравонликлар жорий ҳафта осойишта ўтган президентлик сайловларига йўл очганини урғулаган.

Айни пайтда ҳисоботда Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият танқид қилинади ва у ердаги вазият ёмонлашгани айтилган.

2008 йил инсон ҳуқуқларини қўпол равишда тузувчи давлатлар рўйхатидан олиб ташланган Хитойда ҳуқуқ фаолларига нисбатан репрессиялар, сиёсий диссидентлар, журналистлар ва интернетга қаттиқ чекловлар, этник уйғурлар ва тибетларга қарши қатағон амаллари кузатилаётгани айтилади.

Хитой эса, АҚШ департаментининг мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани борасидаги ҳисоботини рад этган.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майкл Поснер янги ҳисобот Қўшма Штатлар ўзи иқтисодий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилаётган мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари топталиш ҳоллари учун танқид қила олишини намойиш этишини айтган.

Ҳисоботда шунингдек, Эрондаги шароитларга ҳам диққат қаратилади. Унда Эрон ҳукумати лозим жараёнларни ўтамай, юзлаб инсонларни қатл қилгани, норозилик билдирган одамлар ҳибс қилингани ва қийноққа солингани, бошқа давлатлар билан солиштирганда энг кўп журналистлар қамоққа ташланиши қайд этилган.

Давлат департаменти ҳисоботида, олдинги йиллардагидан фарқли ўлароқ, Бирма ижобий ўзгаришлар томон қадам ташлагани айтилади. Бирма ҳукумати юзлаб сиёсий маҳбуслар озод қилингани, мамлакат раҳбарлари "сиёсий ислоҳотлар ва ярашувнинг узоқ ва мушкул жараёни"ни бошлаганлари урғуланади.

АҚШ Давлат департаменти Колумбия ва Замбияни ҳам ижобий қадамлар ташлаган мамлакатлар сифатида тилга олган.