"InterContinental" Ўзбекистонни тарк этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Тошшкентдаги энг ҳашаматли меҳмонхонлардан "InterContinental" Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатаётганлигини маълум қилди. Бу борада "InterContinental" нинг вебсаҳифасида билдириш берилган.

Меҳмонхона вебсаҳифасида пайдо бўлган огоҳда "28 май кунидан бошлаб ушбу меҳмохона "InterContinental" номи остида иш юритмайди", дея битилган.

Ўзбекистонда энг номдор меҳмонхонлардан бирининг Ўзбекистонни тарк этиши сабаблари вебсаҳифада келтирилмаган.

Би-би-си "InterContinental" нинг Британиядаги қароргоҳи билан боғланган вақти қисқа баёнот тақдим этдилар.

Баёнотда айтилишича, узоқ давом этиб келган тортишувлардан сўнг "InterContinental Hootel Group" раҳбариятининг "InterContinental Tashkent" билан бошқарув битими 2012 йил 27 май куни қоқ тунда тўхтатилган.

"Ана шу санадан бошлаб ушбу меҳмонхона "InterContinental hotel" номи остида иш юритмайди. Бу келишмовчиликни ечиш учун бизнинг қилган ҳаракатлармизга қарамай, биз бу ном остида иш юритишни давом эттиришга қодир бўлмадик", дейилади ушбу баёнотда.

"InterContinental" охирги вақтларда Ўзбекистонни тарк этаётган ягона ширкат эмас, шундай экан хорижий бизнеснинг мамлакатда иши юришмаслигига сабаблар қандай?

Маҳаллий журналлист Алексей Волосевичнинг айтишича, бу меҳмонхона тушган аҳвол Ўзбекистон иқтисодида рўй бераётган жараёнларнинг кўзгудаги акси.

Алексей Волосевич: Шуни айтиш мумкинки, "InterContinental" билан бўлаётган вазият Ўзбекистондаги бошқа меҳмонхоналар билан боғлиқ вазиятни ифодалайди. 2005 йил Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси ёпилганидан сўнг Ўзбекистонга келаётган хорижликлар сони, хусусан, америкалик ва британияликларнинг сони кескин қисқариб кетди. Улардан тахминан 90 фоизи мана шу "InterContinental" меҳмонхонасидан фойдаланардилар. 2007 йили "InterContinental" менеджменти берган рақамларга мувофиқ меҳмонхона бандлиги атиги 18 фоизни ташкил қилган экан. Меҳмонхона фойда келтириши учун камида 39 фоиз бандлик бўлиши керак, дейилади. Тахминан шу вақтга келиб Ўзбекистондаги кўплаб меҳмонхонларнинг хорижий бошқарувчилари мамлакатдан чиқиб кетганди. Яқин-яқинггача фақатгина икки меҳмонхона, "InterContinental" ва "Dedeman"да хорижий бошқарувчилар қолганди. Ундан аввалроқ "Radisson" меҳмонхонасининг хорижий бошқарувчилари ҳам чиқиб кетганди. Буларнинг ҳаммаси меҳмонхоналар бандлиги охирги йилларда жуда кам бўлгани ва умуман бизнес соҳасидаги вазиятдан далолат беради. Ана шулар асосида тахмин қилишимиз мумкинки, "InterContinental"нинг Ўзбекистондан чиқиб кетишига сабаб унинг фойда келтирмай қолгани бўлиши мумкин.

Би-би-си: "InterContinental" каби йирик ширкат Ўзбекистонда иш бошлашдан аввал фақатгина Америка ҳарбий базасига умид қилиб меҳмонхона очмагандир, ишбилармонлар, сайёҳлар оқими ўрганилиб, бозор тадқиқотлари олиб борилгандир. Демак бу соҳадаги умидлар рўёбга чиқмабдимикан?...

Алексей Волосевич: Албатта ҳарбий база меҳмохона бизнес юритишининг атиги бир таркибий қисми эди. Умуман олганди охирги йилларда Ўзбекистондан хорижий бизнес оммавий равишда чиқиб кетмоқда. Мана яқинда ҳукумат қолган-қутган давлат корхонларни ҳам сотиб юбормоқчи эканлиги ҳақида хабарлар чиқди. Бу бюджетда пул йўқлигидан далолат беради. Расмийларнинг хорижий бизнесга ёввойилардек ташланиши уларни мамлакатдан қочирмоқда, натижада хорижий сармоялар қисқарган. Мана яқинда Статистика Қўмитаси рақамларида ўтган йил биринчи чораги билан солиштирганда тўғридан-тўғри хорижий сармоялар миқдори 40 фоизга тушганлигини кўрса бўларди. Шунинг учун "InterContinental" билан бўлган ҳолатни Ўзбекистон иқтисодининг кўзгудаги акси десак бўлади, менимча.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистон рамсийлари доимо хорижий сармояларни жалб қилишга очиқ эканлари ва шароитлар яратилгани ҳақидаги гапириб келадилар. Сўздаги ва амалдаги воқелик бир-бирига тўғри келмас эканда?

Алексей Волосевич: Расмийлар тўтиқушга ўхшаб бир нарсани такрорлайверадилар - мамлакатимиз буюк, иқтисод жадал ривожланмоқда, хорижий сармояларни олқишлаймиз, деб. Лекин мана "Oxus Gold" ширкатини олинг, ёда "Zarafshan-Newmont", "Демир", "Туркуаз", яна кўплаб ширкатларни номлаш мумкин. "Туркуаз"нинг бизнес миқёси "Zarafshan-Newmont" каби йирик ширкатга қиёслагудек даражада эди. Шунинг учун расмийлар сўзлари қуруқ гапдан бошқа нарса эмас.

Би-би-си: Яъни сиз рамсийлар аслида хорижий сармояни жалб этишга самимий равишда интилмайдилар, деб ўйлайсизми?

Алексей Волосевич: Улар ўз чўнтакларини тўлдириш ҳақида ўйлайдилар.

Би-би-си: Мана бугундан бошлаб "InterContinental" вебсаҳифасида бу меҳмонхона бундан буён бундай аталмайди, деган ёзув турибди. Сиз у ерга бориб кўра олдингизми, унинг номи бугундан бошлаб қандай экан?

Алексей Волосевич: Мен шахсан бориб кўра олганим йўқ, лекин бир танишим бориб кўриб, суратга олибди. Ўша расмлардан бирининг тагига "фарқини топинг" деган шарх ёзибди. Аввал туширилган суратда меҳмонхона тепасида лотин тилидаги "I" ҳарфи бор экан, бугун эса энди бу ҳарф олиб ташланган. Тун давомида бу ҳарфни олиб ташлашибди. Ҳарфнинг ўрнини обдон бўяб ҳам қўйишган, ҳудди у ерда ҳеч нима бўлмагандек.