Тошкентда яна ўндан ортиқ диндор ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари сўнгги пайтларда Ўзбекистонда диндорларни оммавий ҳибсга олиш ҳоллари кучайганини айтишади

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг яқинларига таяниб хабар беришича, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 13 диндор "Ваҳҳобийлик" диний радикал оқимига мансубликда айбланиб, қўлга олинишган.

Аён бўлишича, ушбу туманнинг Бешқўрғон кўчаси 32-уйда яшовчи Мурод Муҳаммадхонов бу ҳақда ўзларига маълум қилган.

Ҳибсга олинганлар орасида унинг ўғли 28 ёшли Дилшод ҳам бор.

Ҳодиса шу йилнинг май ойи ўрталарида юз бергани айтилмоқда.

Ташкилотга кўра, улар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Террорчиликка қарши кураш бошқармасининг ходимлари томонидан ҳибсга олинишган.

"Эзгулик" тинтув пайти ва диндорларни ҳибсга олиш чоғида кўплаб процессуал нормалар қўпол равишда бузилган, деган хулосада.

Уларнинг хабарномасида айтилишича, ходимлар маҳалла фаоллари, участка нозири ва холис гувоҳларнинг иштирокига қарамай, ҳеч бир хат-ҳужжатсиз Мурод Муҳаммадхонов хонадонига бостириб киришган ва тинтув ўтказишган.

"Истаган нарсалари топилмагач, тинтув баённомасини ҳам насия қилиб, Дилшодни ўзлари билан бирга олиб кетишган. Ота-онасининг ўғилларини қаерга олиб кетишаётгани ҳақида саволларига жавоб беришни ҳам эп кўришмаган", дейди ташкилот.

Ҳибсга олинганлар қаерда?

Аён бўлишича, фарзандини икки ҳафта излаган ота-она уни Тошкент шаҳар ИИБга қарашли дайдиларни сақлаш ва тарқатиш маркази рўйхатидан, кейин эса, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласидан топиб, адвокат киритишга муваффақ бўлишган.

"Эзгулик" ташкилотининг Дилшод Муҳаммадхонов билан учрашишга муваффақ бўлган адвокати сўзларига таяниб айтишича, суд уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун санкция берган.

"Ҳибсга олинган 13 диндор ҳозир "Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, "Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш, ноқонуний диний ва бошқа уюшмалар фаолиятида иштирок этиш" айблари билан қўзғатилган жиноий иш бўйича Тошкент шаҳар 1-сон қамоқхонасида сақланмоқда", дейилади хабарномада.

Дилшод Муҳаммадхонов ота-онасининг эътироф этишича, "фарзандлари "Ваҳҳобийлик" диний радикал оқимига қўшилмаган ва ҳеч қандай варақа ёки адабиётларни тарқатиш билан ҳам шуғулланмаган".

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти энг сўнггида воқеалар ривожини кузатиб бориш истагида эканини ҳам баён қилган.

Ўзбекистондаги бошқа инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам сўнгги пайтларда диндорларни оммавий ҳибсга олишлар кучайгани ҳақида хабар беришганди.

Дейлик, яқинда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари "Ташаббус" гуруҳи Тошкент вилояти ва Бухоро шаҳрида ўнлаб диндорлар қўлга олинганликлари ҳақида маълум қилганди.

Фаолларга кўра, "диндорларни ҳибсга олишлар "битта сценарий" асосида олиб борилади ва юқоридан келган норасмий буйруқлар асосида амалга оширилади".

Уларнинг айтишларича, бу каби хулосага ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳакамларнинг ўзлари билан кўплаб суҳбатлари ортидан келишган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари бу каби ҳолат Ўзбекистонда анча йилдан бери кузатилишини таъкидлашади.

Бу мавзуда батафсилроқ