Ўзбекистонда бугун кимлар 'Россияга қочиб кетиш орзусида'?

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Россиядагаи ўзбек меҳнат муҳожирларининг муаммосига ҳам эътибор қаратиш чақириғи билан чиқди. Кузатувчилар турли қийинчиликларга қарамасдан Россияга пул топиш мақсадида кетаётган муҳожирларнинг сони камаймаётганини айтишади. Турли манбааларда уларнинг сони 2 миллиондан 5 миллионгача эканлиги билдирилади. Меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағлар эса, миллардлаб долларларни ташкил қилади. Ўзбекистон иқтисодининг асосий даромад манбаига айланиб бораётган меҳнат муҳожирлари бугун кимлардан ташкил топган? Ўзбекистонлик журналистнинг кузатувлари билан танишинг:

Жиянимнинг ёши 29 га қараб кетаяпти, аммо ҳали ҳам уйлана олгани йўқ. Оилада 3 эркакнинг мардикорчилик қилиб топган пули фақат оилани боқишга етади. Тўй учун пул топиш мақсадида, оила ҳеч бўлмаса бир кишини Россияга ишлашга юбориш ҳақида бош қотирмоқда.

"Бир ўртоғим Россияда ишлаб уй кўтарди, яна бири машина олди. Бу ерда ишлаб топган пулимнинг баракаси бўлмаяпти", - дейди Россияга кетиш йўлларини қидираётган жияним.

Шокирнинг Россияда ишлаш шароитлари, ҳужжатлар борасида умуман тасаввури йўқ, муҳими, эртаклардаги Сусамбилдек жарангли ушбу ўлкага етиб олиш ва топганини жамғариш учун уйга жўнатиш.

Ҳозир Россияга ишлашга кетаётганлар ва орзу қилиб юрганларни Ўзбекистоннинг ҳар бир нуқтасида учратиш мумкин. Аввалига қўлида дипломи йўқ ишчилар кетган бўлса, ҳозирга келиб чорасизликдан олий маълумотли тайёр мутахассислар ҳам Россияга йўл олмоқда.

Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон иқтисодига салмоқли ҳисса қўшувчи қатламга айланди. Биргина Россиянинг ўзидан бир йилда 5 миллиард доллар атрофида пул жўнатилиши айтилади.

- Бахтимизга Россия бор экан, бўлмаса ушбу тинчлик ва осудаликдан дарак ҳам бўлмасди. Ишсиз, пулсиз миллионлаб одамларнинг чорасиз қолиши нималарга олиб келишини тасаввур қилиш қийин, - дейди неварасини ишлашга юбориб, келаётган пулларга уй қураётган отахон.

Россия нафақат пул топиш манбаи ва балки Ўзбекистондаги амалдорлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бўладиган турли босимлардан қочиш масканига ҳам айланмоқда.

Чўл зонасида қарзга ботмаган фермерни топишнинг имкони йўқ. Пахтани нореал даражада паст баҳода сотиб олиниши кўп харажат қилувчи фермерларни қарздорга айлантирди.

Эътиборлиси, далада ишлашни истовчилар йилдан-йилга камаймоқда. Фермерлар қарзга ботиб қолгани учун ҳам хўжалигини қайтариб топшира олмайди. Топшираман деса, ҳокимнинг ишораси билан ишини прокуратура кўриб чиқиши мумкин.

Йилдан йилга фермерларни қаттиқроқ ишлатиш учун турли услублар ўйлаб топилмоқда. Халқ тилида "бортавой" деб номланувчи юк машиналари бор.

- Бу йил туманимиз ҳокими барча фермерларни ана ўша "бортавой"га солиб далама-дала олиб юришни одат қилди. Агар бирор даладан ўт чиқса, ҳоким "бу нима ифлос?" деб сўрайди ва ҳамманинг олдида ҳақоратлаб тепа кетади. Ҳокимнинг калтаклашларига ўрганиб кетдик. Худди шундай бўлиши керакдек қабул қиламиз, - дея ҳикоя қилади кўпчиликка тушунарли сабаблар билан исми-шарифи матбуотда тилга олинишини истамайдиган фермер.

Чопиқ ва ягана мавсуми бошланиши билан туман ҳокимлари махсус ҳарбий чодирларни тикиб, фермерларни туни билан ўша ерда олиб қолиш одатини бошлашди. Бир чодирда ҳокимнинг ўзи, қолганларида эса фермерлар ухлайди.

Бундай палаткаларда тунги соат 1 да уйқуга ётилади ва тонгги соат 4 да ҳоким бошчилигида далага ҳайдалади.

Бошқа идора-ташкилотлар ходимлари ҳам оммавий равишда дала ишларига жалб қилинган.

Болалар боғчаси ва мактаблар ўз ишларидан ташқари давлатга пилла топшириш режаси ва пахтазорларни ўтдан тозалаш ишларини бажаришга мажбур.

Ҳаттоки, давлатдан ёш боласи учун ёрдам пулини оладиган янги туққан аёллар ҳам пулдан ажралиб қолмаслик учун чопиққа чиқишга мажбур.

"Боласи бир ойлик ёки бир ёшга тўлганининг фарқи йўқ. Агар "пособия" оламан деса, чопиққа чиқишга мажбур", - дейди маҳалладаги фаоллардан бири.

Чопиққа кўнгилли чиққанларга бир қаторни чопгани учун 2,5 минг сўм берилади, бир кунда қаттиқ ишласа, 4 қаторни чопиш мумкин. Аммо давлат муассасалари ходимлари ва ёрдам пулини олиш учун чиқаётганлар шу пулни ҳам олмайди.

"Давлат идорасидан далага чиқувчилар номига чопишади. Ҳатто, ҳокимнинг кўзига чопаётган бўлиб кўриниш учун дастанинг ўзини ушлаб туришади. Натижада пахта ҳам чопилмайди, ўша мутахассиснинг асосий юмуши ҳам қолиб кетади", - деб айтади нима учун бундай сиёсат юритилаётганини тушунмаётган завод ишчиси.

Фермерлар ушбу бош оғриқдан қутилишнинг биргина йўли сифатида Россияга қочиб кетишмоқда. Россияга қочиб кетилса, ер қаровсиз қолади. Жамоа хўжалиги раҳбари ҳокимнинг бақиришларига жавобан фермернинг бошқа давлатга қочиб кетганини айтиб тураверади.

Натижада ўт босган ер бошқа фермерга қўшиб берилади. Қолган фермер ҳокимнинг хўрлашига чидаб ишлашда давом этади.

Туманда Россияга қочиб кетиш орзусида юрган фермерларни кўплаб учратиш мумкин. Ҳозирча ерни ташлаб Россияга кетиб қолганлар учун бирор жиноий жавобгарлик ўйлаб топилгани йўқ. Қолганига Худо пошшо!

Бу мавзуда батафсилроқ