Бразилия 2014: Ўзбекистон 1 - 1 Ливан

Image caption Бу галги учрашувда "Осиёнинг икки карра энг зўр футболчиси" Сарвар Жепаров ҳам майдонга тушади

2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўз курашини давом этдираётган Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги босқич беллашувларининг иккинчи учрашувини Ливанга қарши 1:1 дуранг ҳисоби билан якунлади.

Ўзбекистон майдонга янги бош мураббийси Миржалол Қосимов бошчилигида тушганди.

Дастлабки учрашувини 0:1 ҳисобида Эронга бой берган. Ўзбекистон тушган "А" гуруҳида ҳозирча учтадан очко билан Эрон ва Қатар етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ва Ливан ҳисобида биттадан очко бор.

Ўзбекистон навбатдаги учрашувини ўз майдонида, Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

4 июн куни Эронга қарши илк учрашувидаги мағлубияти ортиданоқ, Вадим Абрамов истеъфога чиқарилган ва унинг ўрнига Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини бошқариб келаётган Миржалол Қосимов термага Бош мураббий этиб тайинланган.

Сўнгги босқич саралаш учрашувларининг “А” гуруҳида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун Эрон, Ливан, Қатар ва Жанубий Корея билан беллашиши лозим.

Агар статистикага қаралса...

Ливан ҳам Ўзбекистон каби дастлабки учрашувини қатарлик рақибларига 0:1 ҳисобида бой берган.

Илк ўйинда қўлга киритган натижаларига мувофиқ, ҳозир “А” гуруҳида 3 очко билан Эрон ва Қатар миллий терма жамоалари етакчилик қилишмоқда.

Сўнгги босқич саралаш учрашувлари якунида ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаган икки миллий терма жамоа эса, Бразилияда бўлиб ўтажак Жаҳон чемпионатининг финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олади.

Ливан миллий терма жамоаси ҳам Ўзбекистон каби ҳали Жаҳон чемпионатининг якуний беллашувларига чиқишга муваффақ бўлган эмас.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Ливан ва Ўзбекистон футбол бўйича Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувларида илк бор бир-бирларига қарши майдонга тушаётганликлари йўқ.

Икковлон 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида икки бор учрашишган, ўйинни биттадан мағлубият ва биттадан ғалаба билан якунлашган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларига берган суҳбатларига қаралса, Байрутдаги учрашувда ўзбекистонлик футболчилар фақат уч очко, яъни ғалаба учун майдонга тушишмоқчи.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, бу галги учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ФИФА томонидан Эронга қарши ўйинда майдонга тушишлари тақиқлаб қўйилган беш сара футболчиси ҳам тўп суриши мумкин бўлади.

Уларнинг орасида жамоа сардори, “Осиёнинг икки карра энг зўр футболчиси” Сервер Жепаров ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ