Россияда ўзбеклар ва арманилар тўқнашишига бир баҳя қолди

Россиялик масъулларга кўра, полиция Свердловск вилоятида ўзбеклар ва арманилар ўртасидаги қуролли низонинг олдини олишга муваффақ бўлган.

Уларнинг сўзларидан аён бўлишича, уришиш учун сатҳга келганларнинг сони етмиш нафарча бўлган.

Жанжал иштирокчилари ва фаолларидан 18 киши ҳибсга олингани айтилмоқда.

Ҳодиса вилоятнинг Каменск-Уральский шаҳрида юз берган.

Маҳаллий Ички ишлар бошқармаси воизи Валерий Горелихнинг айтишича, "ўзбекларга яна Чельябинск ва Кургандан ҳам олтмиш нафарча одам келиб қўшилиши керак бўлган".

Гумондорлардан таёқлар, радио мулоқот ускуналари, газ тўлдирилган баллончиклар, газли ва ўточар қуроллар мусодара этилган.

Можаро тарихчаси

Расмий хабарларга кўра, икки жамоа ўртасидаги илк можаро 29 апрел куни маҳаллий қаҳвахоналардан бирида келиб чиққан.

Эртаси куни номаълум шахсларнинг ҳужумига учраган икки ўзбек касалхонага олиб кетилган.

4 июн куни ўточар қуролдан яраланган бир армани касалхонага ётқизилган.

У полицияга номаълум шахслар машинасини ўққа тутишганини айтган.

Полиция эса, эртаси куни режаланаётган тўқнашувдан хабар топган.

Аён бўлишича, Ўзбекистон ва Россия фуқароларидан иборат бир гуруҳ армани жамоаси яшайдиган ҳудудда оммавий тартибсизликлар уюштирмоқчи бўлган.

Сабаб нима?

Россиядаги инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев бу каби можароларнинг негизини меҳнат муҳожирлиги билан боғлиқ муаммоларга боғлайди.

Фаолнинг ўз кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, Россияда энг кўп алданаётган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондан келганларидир.

"Россиядаги бино қурилишларидан тортиб, то йўл таъмирлаш соҳаларигача арманилар ўз назоратлари остига олишган. Бу каби оғир ишларда ишлайдиган энг кўп меҳнат муҳожирлари эса, Ўзбекистон фуқаролари", дейди Баҳром Ҳамроев.

Фаолга кўра, ҳатто, Москвада ҳам ўзбек муҳожирлари ўзларига асосан арманиларнинг устларидан шикоят қилиб, келишади.

Аён бўлишича, меҳнат муҳожирларини ишга ёллаган арманилар томонидан уларни алдаш ҳоллари кенг тарқалган экан.

"Меҳнат муҳожирлари маошларининг берилмаслиги, тўғирлаб бериш баҳонасида, ўзбеклардан пул ундириб олиниб, кейин ҳужжатларининг йўқ қилиб юборилиши шу каби ҳоллар жумласидандир", дейди фаол.

"Ҳозир кўчага чиқиб, кўчада ишлаётган 10-15 та ўзбекдан сўрасангиз, армани фирмалари вақтида уларни алдаган бўлиб чиқади", дейди Баҳром Ҳамроев.

Фаолга кўра, улар бунинг оқибатида жудаям ачинарли, хўрлик ҳолатларига тушишади.

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, алданиб қолган ўзбеклар ўз ҳуқуқларнинг қонуний ҳимояси йўлида ҳам кўп нарсага умид қилишолмайди.

"Прокуратура ва милиция ходимлари бу ишга умуман совуққонлик билан қарашади. Ҳаттоки, кўриб ҳам чиқишмайди. Аксинча, ўзбекларнинг ўзларини Россияда ноқонуний юрганликларини айтиб, қўрқитишади.".

"Мен ўзим шахсан биламан. Бир нечта ўзбеклар арманиларнинг қурилиш ширкатлари устидан шикоят қилишганида, бу ишлар ёпди-ёпди бўлиб кетган", дейди у.

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россия ҳукумати муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш йўлида кескин чораларга қўл урмас экан, бунақа жиноятларнинг олдини олиш имконсиз бўлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ