Президент Каримов 2012 йил учун пахта режасини маъқуллади

Image caption Ҳар йили юз минглаб ўқувчи-талабалар пахта теришга мажбурланади

Халқаро Болалар меҳнатига қарши кураш кунида Президент Ислом Каримов 2012 йилда кутилаётган пахта ҳосилига доир расмий мўлжал-режани маъқуллаган.

Унга мувофиқ, жорий йилда мамлакатда 3.35 миллион тонна пахта хомашёси етиштирилади.

СА-Newsнинг агентлигининг "Тошкент" радиосига иқтибосан хабар беришича, давлат бу йил деҳқонлардан пахта ҳосилининг 50 фоизини сотиб олишни режаламоқда.

Ўзбекистонда 2011 йилда 3. ярим миллион тонна пахта ҳосили етиштирилган.

Пахтадан келган даромад 1 миллиард 365 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбек пахтасининг асосий харидорлари МДҲ давлатлари ҳамда жануби-шарқий Осиё мамлакатларидир.

Болалар меҳнати

Президент Каримовнинг кутилаётган пахта ҳосилига доир бу йилги расмий башорати 12 июн - Халқаро Болалар меҳнатига қарши кураш кунига тўғри келган.

Фаолларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 1 миллиондан ортиқ ўқувчи, талаба, ўқитувчи ҳамда давлат сектори ишчи-хизматчиларини пахта теришга мажбурлайди.

Ўтган ой ғарбдаги бир қатор ноҳукумат ташкилотлари Оврўпо Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматига Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга қўйиш борасида босим ўтказишга чақиришган.

Иттифоқ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Кэтрин Эштон ҳамда Дания ташқи ишлар вазири номига йўлланган мактуб Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мажбурий болалар меҳнати мавжудлигини инкор қилиб келади.

Лондондаги "Слейвери Интернейшнл" ташкилотидан Жоанна Эворт Жеймснинг айтишича, Ўзбекистон пахта далаларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишнинг ягона йўли, бу - халқаро кузатувчиларнинг мониторинг олиб боришига рухсат беришдир.

"Ташкилот Ўзбекистонда ҳақиқатда нималар юз бераётганини ўз кўзи билан кўриб, муаммонинг табиати ва миқёсини баҳолаганидан кейин Ўзбекистон ҳукуматгаи бу тажрибага барҳам бериш йўлида нималар қилиш кераклиги юзасидан тавсияларини бера олади", - дейди болалар меҳнатига қарши курашувчи халқаро ташкилот вакили.

"Адидас" дохил, дунёнинг кийим-кечак ишлаб чиқарувчи қатор йирик ширкатлари Ўзбекистондаги болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши кампанияни қўллаб-қувватлашган ва ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганлар.

Аммо амалда бу бойкот ўзбек пахтаси савдосига таъсир кўрсатгани сезилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ