Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россияда вафот этган муҳожирнинг яқинлари жасадни олиб келишолмаяпти

Image caption Ҳар йили Россиядан юзлаб меҳнат муҳожирларининг жасадлари келтирилади

Омскдаги шифохонада вафот этгани айтилаётган риштонлик 31 ёшли Маъруфжон Тожибоевнинг яқинлари маҳаллий ҳокимиятга жасадни олиб келиш учун моддий ёрдам сўраб, мурожаат этишган.

Марҳумнинг холаси эканини айтган Манзура опанинг Би-би-си билан суҳбатда билдиришича, ҳокимият расмийлари уларга милицияга мурожаат этишни тавсия қилганлар.

Яқинлари 9 июн куни вафот этгани хабар қилинган Маъруфжоннинг жасадини олиб келиш учун 10 минг рус рубли кераклигини айтишмоқда.

"Таниш-билишларга айтдик, ҳамма қўлида борини берди, камлик қилаяпти", - дейди марҳумнинг холаси.

Унинг сўзларига кўра, Маъруфжон Тожибоев Омскдаги дўконлардан бирида ҳаммоллик қилган.

"Ички яра боридийкан, ўша иш оғирлик қилганми... операцияга анча пул кетибди", - дейди Манзура опа.

Унинг айтишича, Маъруфжоннинг отаси вафот этган ва уйда беш фарзанд бўлишган.

"Бу ерларда шароит оғир. Озгина ишлаб келса, уйлантирамиз, деб турувдик", - дейди марҳумнинг холаси.

Риштондаги манбаъларга кўра, бу биринчи ўлим ҳолати эмас.

Темир тобутлар

Россияга ишлаш учун кетиб, темир тобутда қайтаётган ўзбекистонликларнинг сони борасида расмий рақамлар йўқ.

Хоразмдаги "Нажот" гуруҳига кўра, жорий йил бошидан май ойига қадар н Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонга 23 нафар меҳнат муҳожирининг жасадлари олиб келинган.

Гуруҳ раҳбари Ҳайитбой Ёқубов биргина Хоразмга ҳар йили юзлаб жасадларнинг келтирилишини айтади.

Фаолларнинг тахминича, бутун Ўзбекистон бўйлаб бу рақам минглаб кишини ташкил этиши мумкин.

"Албатта, ҳокимият аниқ рақамларни билади, аммо ошкор этмайди",- дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Унинг сўзларига кўра, ўлим холатлари турлича бўлгани каби, жасадлар ҳам турли йўллар билан олиб келинади.

"Баъзида нодавлат ташкилотлари, диний ташкилотлар жасадни ватанига қайтаришга ёрдам бераётган ҳолатлар ҳам бор,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳеч кими йўқ ёки яқинларининг жасадни олиб келишга қурби етмайдиган муҳожирларнинг жасадлари Россияда қолиб кетаяпти".

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аҳволини яқиндан ўрганган "Нажот" гуруҳи раҳбарига кўра, "консуллик кўмаги" деган тушунча қонунда бор, аммо амалда йўқ.