Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашни давом эттирмоқда

Image caption Мана бу қурилаётган стадионда ўзбек футболчилари тўп сурармикан?..

Футбол бўйича Жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон иштирок этаётган гуруҳда 3 тур ўйинлари бўлиб ўтди. Бу турда Ўзбекистон термаси дам олди. Икки ўйин натижаси бўйича Ўзбекистон 1 очко жамғарган ҳолда охирги ўринларда кетмоқда. Учинчи босқичда Япониядек жамоларни енгиб ишончли равишда 1-ўринни олган Ўзбекистоннинг сўнгги босқичда имкониятлари юқори баҳоланаётган эди. Аммо илк ўйиндаги мағлубият бош мураббийнинг алмаштирилишига сабаб бўлди.

Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа эса Ливанда муҳим 2 очкони йўқотиб келди. Шундан сўнг мураббийни алмаштириш қарори кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Ҳаттоки футбол сайтлари бу борада сўровнома ҳам ўтказди.

Охирги босқичга ишонч билан етиб келган Ўзбекистон миллий термаси Эрон билан илк учрашувда аламли мағлубиятга учради. Бутун ўйин давомида тўлиқ ҳужум қилган жамоа сўнгги дақиқаларда қарши уюштирилган ҳужумнинг қурбони бўлди.

Миллий дамоанинг ашаддий мухлисларидан тошкентлик Бунёдбек исмли талабанинг айтишича, ўйин тақдирини алоҳида вазиятлар ҳал қилди.

“Бутун бир ўйинни қандайдир вазиятлар ҳал қилаяпти. Эрон билан ўйинни олайлик. Қанча ҳужум бўлди, гол ҳам киритилди. Бирга бир вазият, тактик ва позицион ҳужумлар бўлди. Лекин охирида битта қарши ҳужумда арзимаган тўп ташлаш билан ғалабани илиб кетди”, - дейди Бунёдбек.

Аммо Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбарлари ўйин тақдирини Абрамов танлаган нотўғри тактикада деб билди ва мураббийни алмаштиришга қарор қилди.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Бобомурод Абдулла жамоанинг мусобақани мағлубият билан бошлашига мураббий айбдор эканлигини айтади.

- Мағлубият сабаби ўша вақтдаги бош мураббийнинг хатоларига бориб тақалади. Ҳужумкорлик яхши, лекин ҳужумкор ўйнаган жамоа ҳимояни унутмаслиги керак. Ва энг асосийси яратилган вазиятларни голга айлантириш устида ишланмаган. Ўша нарса панд берди. Агар ўйинда яратилган вазиятларнинг 50 фоизи голга айлантирилганда Эронни 3-1 ёки 4-1 га ютиш мумкин эди, - дейди Бобомурод Абдулла.

Лекин мураббийнинг ўйинга маромида тайёргарлик кўролмаганига Терма жамоалар марказининг ҳам айби катта эканлиги айтилади. Муҳим босқич олдидан ўртоқлик ўйини ташкил қилиб берилмади.

Image caption Вадим Абрамовга яна бир имконият бериш керакмиди?

Тошкентлик талаба суҳбатдошимиз Федерация Вадим Абрамовга яна бир бор имконият бериши кераклигини урғулайди. Айнан Абрамов бошқарган даврда футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортганини айтади у.

“Ўзбекистон термасининг олдинги ўйинларига умуман ўхшамасди. Ўзига ишонч ортган. Япония ва Саудия арабистони каби термалар билан иккинчи позицияда, қўрқиб, олдинга ташланмасдан , вазият пойлаб ўйнарди. Абрамов келганидан сўнг ушбу жамоалар билан қўрқмасдан, ўзига ишонч билан ўйнаётган эди. Абрамовга охиригача имкон бериш керак эди”, - дейди Бунёдбек.

“Футгол” газетаси мухбири Фарҳод Норбўтаев Абрамовга кучли ва олдинги мураббийлардан пишиб етилган жамоа қолгани учун натижаларга эришилганини айтади.

“Вадим Абрамов келгунига қадар жамоани Рауф Инилеев ва Миржалол Қосимовлар шаклллантириб бўлган эди. Абрамов тактик жиҳатдан ижобий натижага эришган бўлиши мумкин, аммо у ҳам максимал даражада эмас”, - дейди Фарҳод Норбўтаев.

Терма жамоа бошқаруви икки йил олдин мағлубият сабаб бўшатилган Миржалол Қосимовга яна қайтадан топширилди. Футбол ишқибозлари орасида Қосимовнинг яна қайтарилиши ҳам турли муҳокамаларга сабаб бўлган. Кимдир икки йил давомида Қосимов анча тажриба тўплагани ва жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкинлигини айтса, бошқалар ишдан бўшаган одамнинг кўп вақт ўтмасдан қайтарилишини кинояли савол остига олишади.

Stadion.uz футбол портали муҳаррири Шуҳрат Шокиржонов Қосимовнинг тажрибасига шубҳа қилмайди, аммо терма жамоа учун энг афзали хориждан мураббий келтириш эканлигини таъкидлайди.

“Жаҳон чемпионатига чиқиш мақсад қилиндими, Ўзбекистон терма жамоасига Европадан топ мураббий тайинлангани яхши бўларди. Ҳали ҳам имконият бор 11 сентябргача вақт бор ва турнирлар тез оралиқда ўтмайди”, - дейди Шуҳрат Шокиржонов.

Аммо нимагадир Ўзбекистон футбол федерацияси маҳаллий мутахассисларга ишонч билдиришни афзал билмоқда. Бобомурод Абдулла кўра раҳбариятнинг орасида хорижлик мураббийни истамайдиганлар бўлиши мумкин.

- Раҳбарларнинг орасида хориждан мураббий келишини ёқтирмайдиган ва Ўзбекистонлик ёки ўзбек мураббийи бўлишини истовчилар бор бўлса керак, - дейди Бобомурод Абдулла.