Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистоннинг учоқсозлик саноати нега барбод бўлди?

Image caption ТАПО Осиё қитъасидаги энг йирик учоқсозлик заводларидан эди

Тошкентдаги Чкалов номли авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси-ТАПО 70 йилдан сўнг ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилган.

Осиё қитъасида транспорт учоқларини ишлаб чиқарган энг йирик корпорация бундан буён хўжалик моллари ҳамда автоулов эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

1941 йилда стратегик аҳамиятга эга саноатнинг жабҳа ортига кўчирилиши асносида Тошкентда ишга туширилган Чкалов заводи 50 минг кишини иш билан таъминлаган.

Мустақиллик йилларида завод давлат назорати остида қолди, унинг 10 фоиз ҳиссаси ишчиларга сотилди.

1990-йиллар ўрталаридан бошланган Россия билан ҳамкорликда завод фаолиятини жонлантириш уринишлари муваффақиятсизлик билан тугади.

2005 йилда Хитой билан 4 та Ил-78 русумли ёнилғи қуювчи учоқларни етказиб бериш ҳақидаги шартномани имзолаган ТАПО Россиянинг Бирлашган учоқсозлик корпорацияси таркибига кириши керак эди, аммо бу амалга ошгани йўқ.

Хитойлик мижозларнинг буюртмаларини бажара олмаган завод 2010 йилга келиб, тамоман касодга учради.

Ишлаб чиқаришнинг барбод бўлишига маблағ йўқлиги билан бирга завод раҳбарияти орасидаги коррупция ҳам сабаб бўлгани айтилади.

Завод ишчилари ойлаб маошларнинг берилмаганидан шикоят этиб келишган.

Иқтисодий шарҳловчи Анвар Ҳусайиновга кўра, Чкалов заводининг тугатилиши Ўзбекистон учоқсозлик саноатининг тугашини англатади.