Бухоро шаҳар ҳокими коррупцияга боғлиқ жиноятларда айбланмоқда

Бухоро Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Бухоролик фаолларга кўра, Ҳайит Комилов корупцияга боғлиқ жиноятларда айбланмоқда

Маҳаллий фаолларга кўра, Бухоро шаҳар ҳокими Ҳайит Комилов шу ой бошида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Ўтган йил баҳорида Бухорога ҳоким этиб тайинланган жаноб Комилов коррупцияга боғлиқ жиноятларда айбланмоқда.

Бухоролик ҳуқуқбон Шуҳрат Ғаниевнинг шаҳар ҳокимиятидаги ўз манбасига таяниб маълум қилишича, Ҳайит Комиловнинг ҳибсга олиниши унинг шаҳар ҳокими этиб тайинлангунига қадар олиб борган иш фаолиятига боғлиқ.

"Ҳайит Комилов илгари "Газпром" соҳасида ишлаган. Ўша пайтда коррупция ишларига аралашган экан," - дейди Шуҳрат Ғаниев.

Ҳайит Комиловнинг ҳибсга олинишини Бухоро шаҳар Ички ишлар идораси навбатчиси тасдиқлаган эса-да, қўшимча маълумотга эга эмаслигини айтди.

Бухоро шаҳар ҳокими Ўзбекистонда охирги пайтларда ҳибсга олинган ўрта ва кичик даражадаги мансабдорларнинг навбатдагисидир.

Охирги ойларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими, Тошкент вилоятида Қибрай тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи, Сирдарё вилоятида Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг жиноий жавобгарликка тортилгани коррупцияга қарши кураш бутун Ўзбекистон бўйлаб олиб борилаётганини кўрсатади.

Сомалидан сал яхшироқ...

Transparency International халқаро нодавлат ташкилотига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатларидан биридир.

Ташкилот ўтган йили Ўзбекистонни идорий фасод энг кучли бўлган дунёнинг беш давлатидан бири деб топганди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коррупция даражаси қўшни Туркманистон билан бир хил ва Афғонистон, Бирма, Шимолий Корея ва Сомалидан сал яхшироқ.

Халқаро ташкилот хулосаларига кўра, Ўзбекистон жуда коррупциялашган мамлакат, аммо республика раҳбарияти бу иллат олдини олиш ёҳуд унга қарши курашиш учун "ҳеч нарса қилмаяпти".

Амо Ўзбекистон ҳукумати кейинги 10 йил ичида коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилаётганини айтади.

Бу курашнинг даслабки тўлқинига давлатга қарашли турли корхоналар раҳбарлари дуч келган бўлса, кейин маҳаллий даражадаги турли ҳокимият мулозимлари, сўнг маориф ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари учради.

Ҳарбий соҳага яқин манбага кўра, 2006-2010 йиллар орасида 200 нафардан зиёд юқори лавозимли зобитлар айнан коррупцияга боғлиқ жиноятлар учун қамалган.

"Прокуратурами порахўратура?"

Ўзбекистоннинг ичкарисидаги вазиятни яхши биладиганлар коррупция мамлакат мустақил бўлганидан кейин янада авж олганини қайд этадилар.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг собиқ ходимаси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, ўзбекистонликлар ҳаётида порахўрлик шунчалар авж олганки, "бир шахс бешикдан қабргача пора бериш ва олишга мажбур".

"Туғуруқхонада кўзи ёрисаям пора, боғчага болангизни жойлаштириш ҳам пора, бундайроқ мактабларга болаларингизни жойлаштириш ҳам пора. Бир танишим айтмоқчи, прокуратура эмас порахўратура," - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Мустақил шарҳловчиларга кўра, Ўзбекистондек авторитар тузумда коррупцияни батамом тугатишнинг имкони йўқ.

"Ўзбекистонда коррупцияни йўқотишнинг сиёсий механизмлари йўлга қўйилмайди. Сабаби, мана шу механизмлар режимнинг тинкасини қуритади. Авторитар режимлар... коррупцияни йўқотадиган механизмлардан ҳаддан ташқари қўрқади," - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Бу мавзуда батафсилроқ