"МТС-Ўзбекистон мобил алоқа операторининг раҳбари Ўзбекистондан қочди"

МТС рамзи Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru
Image caption "МТС Ўзбекистон" ширкати миллионлаб абонентларга хизмат кўрсатади

Ўзбекистондан "МТС Ўзбекистон" мобил уяли алоқа ширкати раҳбарининг қочгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ширкат бош директори Бекзод Аҳмедов компаниянинг молиявий хўжалик фаолиятини текширишдаги жиддий қонунбузарликлар аниқланиши ортидан мамлакатни тарк этгани айтилмоқда.

Ҳукумат доираларига яқин uzmetronom.com сайти ўз манбааларига таяниб айтишича, ширкат раҳбари оиласи ва ўз яқинарини ҳам мамлакатдан олиб чиққан.

Хабарда айтилишича, тегишли идоралар томонидан "МТС Ўзбекистон" ширкатида ялпи текширувлар ўтказилган ва компания фаолиятида жиддий қонунбузарликлар аниқланган.

Айнан қайси соҳаларда қонун бузилгани борасида бирор изоҳ берилмаган.

Бундан ташқари компания раҳбари ўз оиласи ва яқиндарини ҳам олиб чиқиб кетгани айтилмоқда.

Ўзбекистон расмий матуботи одатдагидек бу боарада сукут сақламоқда.

Ширкат вакиллари ҳам бирор раддия ёки изоҳ билан чиқишгани йўқ.

Би-би-сининг "МТС Ўзбекистон" ширкати матуот хизмати билан боғланишга қилган ҳаракатлари самара бермади.

Аммо бошқа оммавий ахборот воситаларига МТСнинг Москвадаги матбуот котиби Валерия Кузменко бу борада ҳеч қандай изоҳ беролмаслигини айтган.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва таниқли ишбилармонларнинг қамалиш хавфи боис қочишлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Бундан сал аввалроқ хорижий сармоя асосида ташкил этилган Carlsberg Uzbekistan ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко ҳам Ўзбекистонни бутунлай тарк этган.

Жаноб Шевченконинг қочишига ҳам текширувлар пайти ширкат фаолиятида аниқланган камчиликлар сабаб бўлган.

"Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонларнинг мамлакатдан қочиб кетганликлари маълум.

Бугунга қадар кўплаб таниқли ишбилармонлар, жумладан "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимовларнинг ҳибсга олингани, баъзи манбааларга кўра эса, мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар мавжуд.