Ўзбекистон: Газ ва электр танқислигини сабаб буржуй печларига талаб ортди

Буржуй печлари
Image caption Ўзбекистон Россиядан 10 минг дона буржуй печи сотиб олмоқчи

Ўзбекистондаги бир ширкат Новосибирдаги заводга 10 минг дона буржўй печини буюртма қилган.

Кўмир, тезак ва ёғоч билан ёнувчи ушбу печларга Ўзбекистонда ўтган йили қишнинг узоқ келиши ва табиий газ ҳамда электр узатишда узилишлар юзага келиши ортидан талаб ортган.

Шу пайтгача узоқ қишлоқларда бу каби ва қўлбола печлардан фойдаланилган бўлса, ўтган қиш мавсумида кўп қаватли уйларда турувчилар ҳам иситишнинг муқобил вариантларини излашга мажбур бўлган.

Новосибирдаги печ ишлаб чиқарувчи завод аллақачон ўзбекистонликларнинг талабини бажаришга киришиб кетгани айтилади.

“Новосибирск” ахборот агентлигининг ёзишича, совуқ кунлар келгунича Ўзбекистонга 10 минг дона буржўй печлари етказилиб берилиши зарур бўлади.

Электр ўрнига тезак

Асосан тезак, ёғоч ва кўмир билан ёнувчи ушбу печларга Ўзбекистонда талаб бу йил қишда кескин ошди.

Ҳаттоки, кўп қаватли уйлар яшовчилари ҳам газ йўқлиги сабаб сандали ва қўлбола печка қуриш орқали вазиятдан чиқишга ҳаракат қилишди.

Кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи жиззахлик суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзи билан бирга қўни қўшнилари ҳам бу йил қишда анча қийналган.

"Қиш кунлари газ бўлмади. Аҳолининг кўпчилиги домларда яшайди. Электр энергиясидан фойдаланиб, тўк печка қўшишди. Кўпчиликда печка йўқ, печка бўлса ўтин йўқ. Биз ҳам домда яшаймиз. Пул кетса ҳам, ток печкалардан фойдаландик. Аксига олиб, чироқ ҳам ўчиб турди. Ўша кунлари анча қийналдик, 2-3 талаб кўрпа ёпиндик. Чақалоғи борлар жуда қийналди" - дейди жиззахлик суҳбатдош.

У қиш кунлари чироқ учун бир ойга 30 минг сўм тўлашга мажбур бўлганини айтади.

Айрим оилалар, ток печлардан фойдаланишнинг имкони бўлмагани боис, уйларга сандал қуриб олганлар.

Кўп қаватли уйда яшовчи тингловчимиз бу йил қишга тайёргарликни ҳозирдан бошлагани ва, агар нархи тўғри келса, битта буржуй печи сотиб олишни ўйлаётганини айтади.

"Уйларнинг ичига биттадан печка қурмоқчи бўлаяпмиз. Ўтинларни тайёрлаб тайёгарлик кўраяпмиз. Шундай қилмасак бўлмайди", - дейди суҳбатдошимиз.

Хитойга газ сотиб....

Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов бу каби печлар асосан аҳолининг камбағал қисмига мўлжалланишини айтади.

"Бу печлар аҳолининг асосан камбағал қисмига мўлжалланган. Камбағал қисмидан ташқари узоқ вилоятлар ва тоғли ҳудуддлардаги одамларга ва газ таъминотидан бутунлай узилиб қолган жойлар бор, " - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Иқтисодчининг илова қилишича, қаттиқ қишдан ташқари газни экспорт қилиш ортидан таъминотдаги юзага келган сунъий тўсиқлар одамларнинг 50-йиллардаги иситиш тизимига қайтишга мажбурламоқда.

У бошқарув тизимларининг ишдан чиқиши шу каби муаммоларнинг вужудга келишига асоссий сабаблардан эканини айтади.

"Бошқарув тизимлари ишдан чиққан. Мисол учун, ҳокимият қишга тайёргарликни назорат қилиши керак. Аммо улар, муаммоларни била туриб, халққа қайишмайди. Ўзбекистонда бошқарув тизимининг адолатсизлиги ва ғайринсонийлиги кузатилаяпти. Ахир Ўзбекистон газ экпорт қилувчи давлат ҳисобланади" - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги газга бой республикалардан бири ҳисобланади.

Мамлакатдан қазиб олинаётган газнинг 40 фоизи четга экспорт қилинади.

2012 йили экспорт ҳажми Хитой каби истеъмолчининг қўшилиши ортидан 15 миллиард кубметрга етказилиши кўзда тутилган.