Ўзбекистонда зайтун мойи пахта ёғи ўрнини боса оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонда бир неча йил олдин ташаббусчилар томонидан экилган зайтун ниҳоллари бу йил тўлиқ ҳосил беришни бошлаши кутилмоқда.

Олимлар ушбу мой келажакда инсон соғлиғи учун зарарли бўлган пахта ёғининг ўрнини босишига ишонишмоқда. Асосан, субтропик ўлкаларда ўсувчи зайтуннинг экологик тоза ва инсон саломатлиги учун фойдали махсулот эканлиги айтилади. Шу вақтгача Марказий Осиё ҳудудларида зайтун дарахти ўстирилмаган.

Бундан қарийб 10 йил олдин Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларига олиб келинган зайтун ниҳоллари бугун бошқа вилоятларга ҳам ёйилиб Андижонда ҳам етиштирилмоқда.

Қўрғонтепа туман “Боғи Фурқат” боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Тоҳиржон Аҳмедов 18 ҳилдан ортиқ зайтун ниҳолини 3 йилдан бери парваришламоқда. Кўчатларнинг олди бу йил ҳосилга кириб қолди.

“Зайтун ёғи беқиёс ва унинг баҳоси баланд. Гектарига 1 тоннадан зайтун ёғи бўлиб қоладиган бўлса ҳам, ҳозир Ўзбекистонда бир литри 100 минг сўмдан кам эмас. Биринчи пресс дейилади, яъни энг олий нави 100 мингдан кам эмас. Бир тоннаси 100 миллион сўм деган гап. Боринг шунинг ярмини бўлиб қолсин, 50 миллион сўм мойнинг ўзидан даромад келади”, - дейди Тоҳиржон Аҳмедов.

Ўтган йилги қиш Андижонда ҳам қаттиқ келди, минус 30 даража бўлган тунларда кўплаб ёш ниҳолларни совуқ урган, аммо кўчатларнинг остидан янги новдалар чиқиб тикланаяпти.

Тоҳиржон аканинг айтишича, бундай совуқлар 50 йилда бир марта келади ва ундан қўрқиш керак эмас.

Зайтун Ўзбекистоннинг нисбатан иссиқ ҳудуди бўлмиш Сурхондарёга 2002 йили олиб келинган.

Ўзбекистонда мойли экинлар бўйича мутахассис профессор Дилором Ёрматова узоқ изланишлардан сўнг инсон саломатлиги учун фойдали бўлган ушбу ўсимликни Туркиядан олиб келиб Олтинсой туманига экади.

2006 йили ниҳоллар илк маротаба гулга киради ва мева беради. Аммо 2007 йилги қаҳратон совуқ дарахтларни уриб кетади ва ҳосилга кириш учун яна кутишга тўғри келади. Бугунга келиб бир неча вилоятда гектарлаб зайтун кўчати ҳосилга кирмоқда.

- Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Самарқанд вилоятларида зайтун кўчатлари катта майдонларда экилиб одамлар биринчи йил зайтун мойини оламиз деб турибди. Халқ шу ўсимликни кутиб турган экан. Ўзбекистонда зайтунамания бошланди, - дейди Дилором Ёрматова.

Халқ орасида экологик тоза махсулотга талаб ортаётгани боис ҳам зайтун етиштиришга қизиқиш катта бўлаётгани айтилади.

Бундан ташқари зайтун мойи табобатда турли хасталикларга шифо сифатида ҳам ишлатилади. Мажозий маънода унга суюқ олтин дея ном ҳам берилган. “Ҳақиқий тиббиёт” китоби муаллифи, доктор Ойдин Солиҳ зайтун мойининг фойдалари ҳақида гапиради.

- Зайтун мойи сочларга суртилса, ҳеч қачон тўкилмайди. Юзларга суртилса, юзлар порлайди ва ёшаради. Ушбу мойни ҳар куни истеъмол қилиб турилса ҳазм тизими яхшиланади. Саратонга қарши ва жигар тозалашга нисбатан ишлатса бўлади. Қон айланиш тизими мукаммал ҳолга келади, -дейди Ойдин Солиҳ

Олимлар яқин келажакда зайтун мойи нафақат доривор сифатида балки инсон саломатлиги учун зарарли бўлган истеъмолдаги пахта ёғининг ўрнини босишга ишонишмоқда. Ўсимлик мойлари бўйича мутахассис профессор Дилором Ёрматова пахта ёғи турли хасталикларга сабаб бўлишини айтади.

- Пахта мойининг таркибида госсипол деган алколоид бор. Мой заводлари госсиполни тозалайди, лекин йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди деган тушунча бор. Шунинг учун маълум миқдорда доимо қолаверади. Зарари шундаки жигар ўша заҳарли алколоидни ўзида синтез қилиб ушлаб қолади ва гепатит касаллигининг турли ҳил формалари келиб чиқаверади. Жигарни ишдан чиқаради ва натижада жигар церрозига олиб келади, - дейди Дилором Ёрматова.

Профессор Ёрматова яқин 15 йил ичида Ўзбекистон зайтун, кунгабоқар, соя ва масхар каби экологик тоза ёғларга ўтишига ишонади. Мутахассис юқоридаги ёғларнинг ичида таркибида 104 ҳил фойдали элементи бўлган зайтун мойини кўпроқ етиштириш тарафдори. Зайтун меваси буткул зарарсиз бўлиши билан бирга удан уй шароитида ҳам мой олса бўлади.

Ўзбекистонга зайтун кўчатини олиб келган ва уни кўпайтиришда ташаббус кўрсатаётган профессор Дилором Ёрматова ушбу ўсимликнинг Ўзбекистонда оммавийлашуви учун ҳукумат томонидан махсус дастур ишлаб чиқарилиши лозимлигини урғулайди.

“Ҳозирча ҳеч қандай дастурлар йўқ. Олий мажлисда ушбу мавзуни кўтариб чиқдим, маърузалар қилинди. Шу билан қолиб кетди. Мен зайтун бўйича илмий марказ ташкил қилинсин. Мана шу ишни қилайлик деб айтганман”, - дейди Дилором Ёрматова.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида асосан пахта ва буғдой етиштириш билан шуғулланади. 1 миллион 300 минг гектар майдонга пахта экилади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини пахтани етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишда танқид қилиб келади. Фермерлар эса сўнгги йилларда етиштирган пахта учун фойда кўролмаётганини айтиб келади.

Мутахассислар Ўзбекистон камҳарж ва минтақа иқлимига мос бўлган боғдорчилик билан шуғулланиши кераклигини таъкидлашади.