Ўзбекистонда яна бир мухолифатчининг жазо муддати узайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

"Эрк" партиясининг Андижон вилояти бўлими собиқ раиси Исроил Холдоровнинг жазо муддатига яна 3 йил қўшиб берилган.

Хабар қилинишича, у жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти қонуний талабларига бўйсунмасликда айбланган.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти 2007 йил 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган Исроил Холдоровнинг яқинда жазо муддати тугаши ва озодликка чиқиши кутилаётган бўлганини айтади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Умуман, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбусларга айрича қараб келган. Яъни, ўша айрича қарашдаги шахсларни қамоқлардан чиқармаслик баҳонасида турли айбловлар билан айблаб келади ва бу биринчи ҳолат ҳам эмас, охирги ҳолат ҳам эмас. Исроил Холдоров "Эрк" фаоли бўлгани учун унга ҳам айрича муносабат бор. Менимча, масалага шу нуқтаи назардан ёндашиш керак, деб ўйлайман", дейди "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Айни пайтда 62 ёшли Исроил Холдоровнинг саломатлиги ҳам яхши эмаслиги айтилади. У билан март ойларида учрашган ўғли Абдулҳамид Холдоров ҳам отасининг соғлиғи яхши эмаслиги борасида "Эзгулик" фаолларига маълум қилган.

"Унинг умумий саломатлиги ёмонлиги ҳақида, қон босими баландлиги ҳақида, қандли диабетга чалингани ҳақида Андижон вилоятидаги фаолларимиз унинг оила аъзолари, ўғилларига иқтибосан бизга маълум қилишди. Ҳозирда биз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш бош боқармасига мурожаат қилиб, расмий тарзда унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммони ўрганиш, керак бўлса, Навоийдаги жазони ўташ муассасига Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларини юбориш ҳаракатида юрибмиз", дейди "Эзгулик" фаоли.

Исроил Холдоров 2007 йил февралида Андижон вилояти маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ҳамда 244/1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) билан айбдор топилиб, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.