'МТС' Ўзбекистондаги бўлими фаолиятидаги текширувлардан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи pixland.uz

'МТС' Очиқ Ҳиссадорлик Жамиятининг айтишича, Ўзбекистондаги бўлимларини текшираётган мамлакат давлат идораларининг ишидаги қонунбузарликлар ширкатларининг у ердаги фаолиятини хавф остига қўяди. Бу ҳақда жамиятнинг расмий баёнотида айтилади.

"МТС" Бош идорасининг билдиришича, Ўзбекистондаги 100 фоизлик шуъба ширкатлари бўлган "Ўздунробита"нинг молиявий-хўжалик ишлари текширилмоқда ва бошқарувчиси ҳам асоссиз равишда ҳибсга олинган.

Уларнинг баёнотига кўра, мазкур текширув ишлари амалдаги Ўзбекистон қонунчилиги меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилмоқда.

"Бу эса, МТС-Ўзбекистоннинг доимий тартибда фаолият олиб боришини хавф остига қўяди ва мамлакатда бундан кейин олиб боражак ишларини қийинлаштиради.

Ширкатнинг билдиришича, Ўзбекистон Бош прокуратурасидан "Ўздунробита"га 2.4 миллиард ўзбек сўми(1.27 миллион АҚШ доллари) миқдорида солиқ эътирози кўрсатилган расмий ҳужжат олишган.

Шу билан бир вақтнинг ўзида, ширкатнинг барча бўлинмаларидан ҳужжатларининг асл нусхаларини оммавий равишда олиб қўйиш, раҳбарларини сўроқ қилиш ва процессуал меъёрларни бузган ҳолда ҳибсга олишлар кечмоқда, дейилади "МТС" баёнотида.

Очиқ Ҳиссадорлик Жамиятига кўра, "Ўздунробита"нинг вақтинчалик Бош котиби Радик Даутов ва молиявий раҳбари Темирмалик Алимовлар ҳибсга олинишган.

"МТС" уларга Ўзбекистон куч тизимлари томонидан қонунга зид равишда ўзларига номаълум бўлган мақсадларда босим ўтказилиши мумкинлигидан хавотир изҳор этади.

Ширкатга кўра, буларнинг барчаси "Ўздунробита"нинг фаолиятига турли хил тўсқинликлар яратади.

Аммо, жорий пайтда, "Ўздунробита"нинг ўз фаолиятини давом этдираётгани ва мамлакатдаги 9 миллиондан ортиқ абонентига хизмат кўрсатаётгани айтилади.

"МТС" Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, мамлакат назорат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятининг холислиги ва қонунийлигини таъминлаш, Бош прокуратура томонидан асоссиз эҳтиёт чораси сифатида "Ўздунробита"ходимларининг ҳибсга олиниши эҳтимолига йўл қўймаслигини илтимос қилган.

Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти ўз баёнотининг сўнггида "Ўздунробита" ва унинг шўъба бўлинмаларида 2004 йилдан буён мунтазам равишда олиб борилган солиқ текширувларида бирор бир жиддий қонунбузарликлар аниқланмаганини таъкидлайди.

"МТС"нинг билдиришича, шу йил феврал ойида ўтказилган сўнгги текширув ортидан солиқ идоралари аниқлаган 2.4 миллиард ўзбек сўми миқдоридаги солиқ тўловини ўз ихтиёрлари билан ва тўлалигича тўлашган.

Ширкат ҳуқуқий масалада "Ўздунробита"нинг солиқ ва молиявий-хўжалик ишларини текширишда Ўзбекистон давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдиради.

"МТС" Россия ва бошқа МДҲ давлатларидаги йирик телекоммуникация операторларидан бири саналади.

Ўзбекистон давлат алоқа инспекцияси куни-кеча "МТС Ўзбекистон" маркаси остида фаолият юритувчи "Ўздунробита" ширкати фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлаганини айтганди.

Давлат алоқа инспекцияси қонунбузарликлар ўз вақтида тўғриланмаса, ширкат фаолиятини тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини ҳам билдирганди.

Бунгача МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Бекзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабар чиққан эди.

Кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда фаолият юритаётган хориж ширкатларни тортиб олиш ёки ўрнини бошқа ширкатларга бўшатиш мақсадида турли камчиликлар топаётганликда айблашади.

Биз "МТС" жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Елена Кохановская билан боғланиб, энг аввало нега бу каби баёнот билан чиқдингиз, деб сўрадик:

Жавоб: Биз Ўзбекистон давлат органлари босими остида қолганмиз. Ва бу босим ширкатимизнинг Ўзбекистондаги фаолиятини хавф остига қўяяпти. Бизни хозирда хавотирга солаётгани шуки, ширкатимизнинг менежерлари асоссиз равишда ҳибсга олинаяптилар, улар молиявий ва хўжалик текширувларисиз, мавжуд қонунларга зид равишда амалга оширилаяпти. Бу ҳибслар ширкатни фалажлаб қўяяпти. Ширкат ҳужжатларига имзо чекиш ваколатини олган икки менежер ҳибсга олинган ва бу яқин орада ширкат фаолиятини фалажлаб қўяди, деган хавотирдамиз. Ширкатимиз мамлакатда 9 миллион абонентга хизмат қилади. Лекин менежерлар имзосисиз абонентларимизга карталарни етказиб бериш учун молиявий тўловларни амалга оширолмаяпмиз.

Савол: Нима учун ўзбек давлат органлари қонунга хилоф амал қилаяпти деяпсиз?

Жавоб: Чунки ҳеч қандай протоколсиз равишда ширкатимиздаги ҳужжатларнинг оригиналлари тортиб олинаяпти. Шу кунларда солиқ қўмитасининг текширувлари нихоясига етди. Ўтган бир неча йил давомида бундай текширувлар ўтказиб келинган, лекин бирон марта бизга қарши даъволар илгари сурилмаган. Охирги текширув ортидан бизга қарши илгари сурилган даъволарни ҳаммасини биз қондирдик. Лекин, барибир, ана шу тергов хулосасига асосланиб жиноий иш қўзғатилаяпти.

Савол: Нима учун айнан ҳозир МТС-Ўзбекистонга қарши шундай текширувлар ва терговлар ўтказилаяпти. Ахир сизнинг ширкатингиз ўтган бир неча йил давомида Ўзбекистонда анча муваффақият билан фаолият юритиб келди.

Жавоб: Биласизми, бу биз учун ҳам жумбоқ. Ўзимиз ҳам шунинг тагига етишга уринаяпмиз. Чунки уч ҳафтагина аввал ширкатимиз мутлақо нормал равишда ишлаб келаётганди, бизга қарши ҳеч қандай даъволар йўқ эди. Лекин уч ҳафта аввал мана шундай ҳолатнинг биринчи ишоралари пайдо бўлди. Кечадан бошлаб биз ҳақиқий таҳдидни ҳис қила бошладик, чунки тунлари бизнинг ходимларимиз олиб кетилиб, ҳеч қандай адвокатларсиз сўроқларга тутилмоқда. Яъни биз ҳозирга келиб, Россия ширкати сифатида, ўзимизга ёппасига ҳужум бўлаётганини сезаяпмиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат билан чиқиб, ҳуқуқ-тартибот идораларининг иши холисона олиб борилишини таъминлашни, ҳамда ходимларимизнинг асоссиз равишда ҳибсга олинишларини тўхтатишни сўрашга мажбур бўлдик. Чунки, ҳозирда бизга қарши илгари сурилаётган даъволар учун ходимларни ҳибсга олишнинг кераги йўқ. Биз қўлга олинган ходимларимизга ҳозирда босим ўтказилаяпти деб қўрқаяпмиз.

Савол: Агар ширкат фаолияти қонуний тарзда олиб борилган бўлса, МТС-Ўзбекистон раҳбари Бекзод Аҳмедов нима учун қочиб кетди дейилмоқда?

Жавоб: Биласизми, мен буни билмайман. Бунга бирон шарҳ беролмаймиз, чунки биз ҳам бунга тушунмадик. Бекзод йўқлигини билганимиздан кейин биз унинг ўрнига раҳбар вазифасини бажарувчини тайинладик. Ва бу ходим кейин ҳибсга олинди.

Бу мавзуда батафсилроқ