'МХХ Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун инсонларни қийноққа солмоқда'

Тошкентда Ўзбекистон Халқ ҳаракати варақаларини тарқатиш
Image caption Сўроққа тутилганлар Тошкент шаҳрида варақа тарқатишда айбланиб ҳибсга олинганлар.

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянсига кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Тошкент бўлими ертўласида уч шахс мухолифат раҳбари Мухаммад Солиҳ билан алоқалари юзасидан сўроққа тутилмоқда.

Хабарда айтилишича, аввалроқ ҳибсга олинган Абдурасул Мамараҳимов хамда Жамолиддин Абдураҳмоновлар ўтмишда "Озод деҳқонлар" мухолифат партияси фаоли бўлган Нигора Ҳидоятовага қарши кўрсатма беришга мажбурланган.

Нигора Ҳидоятованинг Би-би-сига айтишича, ҳибсга олинганлардан бири 2010 йили Ҳидоятова хоним ва Муҳаммад Солиҳ Туркияда Ўзбекистонда давлат тўнтаришини амалга ошириш ҳақида гаплашганликларига гувоҳ бўлганини даъво қилган.

Нигора Ҳидоятовага кўра, терговда ўзига қарши кўрсатма берганлардан атиги бир нафарини билади, қолганларини умрида биринчи марта терговда кўрган.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Би-би-си билан суҳбатда ўзи ва Нигора Ҳидоятованинг Ўзбекистонда давлат тўнтариши ҳақидаги гаплашганликларини қип-қизил ёлғон деб атади.

Унинг айтишича, бу гапни айтган Абдурасул Мамараҳимов билан фақат бир марта таниқли шоир Рауф Парфининг китобини нашр қилиш таклифи билан Туркияга келган пайтида суҳбатлашган, холос.

Нигора Ҳидоятованинг айтишича, Миллий Хавфсизлик хизмати Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш банди бўйича очилган жиноят ишларини кўриб чиқаяпти, ўзини 18 июндан гувоҳ сифатида сўроққа чақирмоқдалар.

Ушбу жиноят ишидаги икки кишининг Ўзбекистон Халқ ҳаракати аъзолари бўлганлари айтилмоқда.

Улар Тошкент шаҳрида варақа тарқатишда айбланиб ҳибсга олинганлар.

Нигора Ҳидоятовага кўра, ўзи ва Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга мажбурланаётган айбланувчилар қийноқлар солинган.

Қийноқлар оқибатида айбланувчилардан бирининг қулоғи яхши эшитмай қолган, дейди фаол.

"Улар бўлмаган ишларни бўлди, деб кўрсатма беришаяпти. Хўп, улар варақа ҳам тарқатишипти, дейлик. Бу варақада нималар ёзилган? Ўзбекистонда конституцион тузумни ағдариб халифат қурайлик, деган чақириқ борми? Йўқ. Бу варақаларда бор-йўғи ҳукумат танқид қилинган. Фуқаровий бўйсунмаслик учун уюшмаларга бирлашишга чақирилган. Бу чақириқ Ўзбекистон конституциясига зидми? Йўқ. Ўзбекистон конституцияси 29-бандида ҳар бир фуқаро хоҳлаган ахборотини олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, дейилган. Аслида конституцияни улар эмас, ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган фуқарони қийнаб соғлиғига шикаст етказаётган, 10 йилга қамаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари конституцияни бузишаяпти. Мен билан юзма-юз қилишганда гумондорлардан бирининг аллақачон қулоғи эшитмай қолганини билдим. Шунинг учун ҳам улар қийноқлар остида бу кўрсатмаларни бераяптилар, дейишимизга асос бор. Энг муҳими, улар бир-бирларини танимайдилар, шунақа бўлиб чиқаяптики, уларнинг ҳаммаси мени танийди. Мен эса ҳеч қанақа Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг аъзоси эмасман, ҳозир ҳеч қанақа сиёсий фаолият билан шуғулланаётганим йўқ", деди Би-би-си билан суҳбатда Нигора Ҳидоятова.

Бу мавзуда батафсилроқ