Испанияга янги элчи тайинланди, Гулнора Каримова-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Расмий хабарларга кўра, Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг (қароргоҳи Берлинда жойлашган) Испания Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган.

2010 йилдан буён ушбу лавозимни мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова эгаллаб келаётганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги веб саҳифасида чоп этилган хабарда Испания Қироллигига нега янги элчи тайинланаётгани сабаблари айтилмайди.

Агар расмий хабарларга таянилса, асли самарқандлик бўлган 40 ёшли Дилшод Ахатов ўтган икки йил давомида Ўзбекистоннинг Олмониядаги элчиси бўлган.

Жаноб Ахатов аллақачон Испания Қироли Хуан Карлосга ишонч ёрлиғини ҳам топширган.

Дипломатик фаолиятидан ташқари, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида эстрада қўшиқчиси, либослар ва заргарлик буюмлари дизайнери сифатида танилган Гулнора Каримова эса, ушбу вазифа ижросига 2010 йилнинг январ ойидан киришганди.

Гулнора Каримова, бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги вакили ҳам эди.

Элчилик

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи элчи этиб тайинланган пайтда Испания Оврўпо Иттифоқига президентлик ваколатида эди.

Оврўпо Иттифоқи эса, юзлаб тинч фуқаролар қурбон бўлгани айтилган 2005 йил Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга қарши кескин мавқъени эгаллаган халқаро ташкилотлардан бири эди.

Иттифоқ расмий Тошкентнинг айни ҳодисалар юзасидан мустақил тергов ўтказиш талабларини рад этиши ортидан Ўзбекистонга ўз жазо чораларини ҳам киритганди.

Бироқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланганини айтиб, 2008 йилнинг октябр ойида уларни бекор қилганди.

Бунинг ортидан бир қанча оврўполик юқори мартабали мулозимлар ва ҳайъатларнинг Ўзбекистонга сафари кузатилганди.

Айрим кузатувчилар ушбу янгиликни, бир маънода, Ўзбекистон ва Оврўпо Иттифоқи орасидаги алоқаларнинг яхшиланаётгани нишонаси сифатида ҳам баҳолашганди.

Ўзбекистонлик собиқ дипломатлар Гулнора Каримованинг Испанияга элчи этиб тайинланиши унинг халқаро саҳнадаги сиёсий мақомини кучайтиришга хизмат қилишини ҳам айтишганди.

40 ёшли Каримова хоним президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий сиёсий меросхўри сифатида кўрилади.

Бу биринчи элчилик эмас

Гулнора Каримова 2008 йилнинг охирларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистон элчиси этиб тайинланганди.

Айнан ўша йил бошларида эса, Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг маданий-гуманитар соҳалардаги халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Бундан олдин у Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳи халқаро ташкилотнинг Нью-Йоркдаги идорасидан кейин энг йирик қароргоҳ саналади.

Буларнинг барчаси нима учун эди?

Женевадаги қароргоҳда бирор бир мамлакат элчиси бўлиш анчайин салмоқли дипломатик лавозим саналарди.

Бу лавозимдаги шахснинг дипломатик фаолияти доираси жуда кенг ҳисобланади.

Халқаро кузатувчилар худди шу нарсани назарда тутиб, назарий жиҳатдан Каримова хонимнинг янги лавозими жуда муҳим саналишини айтишганди.

Мазкур элчилик лавозими Гулнора Каримовага Америка Қўшма Штатларининг Адлия тизимидаги мавжуд тартиб-қоидалардан дахлсизлигини ҳам таъминлаганди.

Гулнора Каримова 2002 йилда эри америкалик Мақсудий жаноблари билан ажрашганидан кейин Америка маҳкамаси уларнинг икки фарзандига оид қарор чиқарганди.

Бу эса Каримова хонимни назарий жиҳатдан Ғарбда, айниқса, Америкада маҳкама қарори туфайли ҳибсга олинишини англатарди.

Лекин ўша пайтда ҳам халқаро кузатувчилар Каримова хонимнинг бу лавозимда тиниб-тинчиб кетиб, ўзининг касбий фаолиятига доир бир қарорга келди, деб хулоса чиқариш қийин эканини айтишганди.

Улар бунинг сабабини Ўзбекистон каби мамлакат президентининг қизи бўлганингиздан кейин касбингиз борасидаги қарорни ҳар ой ўзгартиришингиз мумкинлиги билан изоҳлашганди.

Бу мавзуда батафсилроқ