Ўзбекистон: Исломий тўйлар нега масъулларнинг 'ғашларига тегмоқда'?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova

Ўзбекистондаги "Эксперт" Ишчи гуруҳининг билдиришича, мамлакатда сўнгги йилларда оммалашиб бораётган исломий тўйлар эгалари дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларининг диққат эътиборларига тушмоқда.

Маҳаллий хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари исломий тўйлар ортиданоқ, оилаларга ташриф буюриб, ёш келин-куёв ва уларнинг ота-оналари билан профилактика ишлари олиб боришмоқда.

Улардан нега исломий тўй ўтказишга қарор қилишгани сабабларини сўраб, айрим ҳолларда тушунтириш хатлари ҳам ёзиб олишмоқда экан.

"Эксперт" Ишчи гуруҳининг ўзларига келиб тушган маълумотларга таяниб хабар беришича, жойларда бунинг учун, ҳаттоки, маҳаллий хавфсизлик хизматлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимият ва маҳалла қўмиталари вакиллари иштирокида махсус ҳайъатлар ҳам тузилган.

Аён бўлишича, ушбу ҳайъатнинг вазифасига Ўзбекистонга диндор бўлиб қайтаётган(беш вақт намоз ўқиб, соқол қўйиб, яқинлари ҳам исломий ҳаёт тарзига ундаётган) меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш киради.

Ушбу рўйхатга тушган одамларнинг алоҳида назорат остида бўлишлари шундоқ ҳам тушунарли, дейди гуруҳ:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Меҳнат муҳожирлиги ва оммавий тўйлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг кўплаб минтақалари, жумладан, Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида исломий тўйларнинг оммалашиб бораётгани кузатилади.

Бу каби тўйлар дабдабали дунёвийларидан фарқ қилиб, дастурхонга спиртли ичимликлар тортилмайди, хонанда ва созандалар бўлмайди, меҳмонлар кам сонда бўлиб, аёллар ва эркаклар алоҳида-алоҳида ўтиришади.

"Эксперт" Ишчи гуруҳига кўра, бу каби тўй ташаббускорлари, асосан, Россия ва Қозоғистонда ишлаб қайтаётган меҳнат муҳожирларидир.

Гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Россия ва Қозоғистонга боргач, ўзбекистонлик ёш меҳнат муҳожирларининг нисбатан кучлироқ диний эркинлик ва яна бошқа турли омиллар таъсирида исломий эътиқодлари янада мустаҳкамланади.

Бундан ташқари, камчиқимлилиги боис ҳам, исломий тўйлар бугун аҳоли муайян қатлами орасида оммалашиб бораётган экан.

"Бойи ҳам, камбағали ҳам бир-биридан қолишмасликка уриниб, дабдабали тўйлар ўтказишга ҳавас қўйган мамлакатда исломий тўйлар дунёвийларига қараганда, анчайин арзон тушади. Аксарият оилалар эса, тўй ўтказишда "бошқалардан қолишмаслик учун" йиллар давомида қуруқ сув ва нонга қаноат қилиб яшашади", дейди Суҳроб Исмоилов.

Унга кўра, "Нима бўлган тақдирда ҳам, тўйлари ва ёки бошқа шахсий маросимлари қандай ўтказиш масаласида одамлар эркин бўлишлари лозим".

"Агар тенденция бунақа кетадиган бўлса, айнан диний сабаблар туфайли Ўзбекистонни ташлаб кетишга иштиёқманд оилалар, иқтисодий факторлар билан қўшиб ҳисоблаганда, анча кўпайиб қолиши мумкин. Ҳозирги пайтда бу маъмурларни чўчитмаяпти. Чунки ҳукумат шунақа йўл билан бўлса ҳам, ўзлари радикал, деб ҳисоблайдиган одамлардан қутулмоқчи. Лекин келажакни ўйлаб гапирадиган бўлсак, бу - Ўзбекистон учун жуда хавфли ҳолат", дейди "Эксперт" Ишчи гуруҳи раҳбари.

Бу мавзуда батафсилроқ