Ўзбекистонда сохта ҳужжат тайёрловчилар ушланган

Ўзбекистоннинг интернет сайтлари ёзишича, Тошкентда турли вазирликлар, ташкилот ва ўқув юртларининг турли хилдаги ҳужжатларини сохталаштириш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти ошкор бўлган.

Ўзбекистон Ички ишлар бошқармаси Мирзо Улуғбек тумани жиноятчиликка қарши кураш бўлими томонидан уч киши қўлга олингани хабар қилинади.

Улар турли вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг сохта муҳрларини тайёрлаш билан шуғулланиб келишган.

Қўлга олинганларнинг уйидан вазирлик ва идораларнинг муҳрлари туширилган фотосуратлар, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва алоқа институтининг сохта дипломлари топилган.

Сохта ҳужжат тайёрловчиларнинг бири маълум ташкилотларга тегишли диплом ва иш қоғозларининг асл муқовасини келтириб берган.

Гуруҳнинг қолган уч аъзоси сохта муҳр тайёрлаш ва уларни сотиш билан шуғулланишган.

Хабарда айтилишича, сохта дипломлар 300 АҚШ долларигача баҳода сотилган.

Бошқа бир сохта ҳужжат тайёрловчининг уйидан турли давлат идораларининг муҳрлари туширилган 900 га яқин фотосуратлар топилгани айтилади.

Шунингдек, тинтув пайтида уларнинг уйларида сохта ҳужжатларни тайёрлаш учун керак бўладиган маҳсулотлар ҳам борлиги аниқланган.

Ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган, тергов жараёнлари бошлангани хабар қилинган.

Ушбу воқеа бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бошқармасига қўнғироқ қилганимизда, бундай масалалар ҳақида телефон орқали хабар берилмаслиги маълум қилинди.