Ўзбекистонда нарх ошиши одамларга янгилик эмас

Image caption Нарх-навонинг ошиши аҳоли учун янгилик бўлмай қолган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 1 августидан энг кам иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш ҳақида фармон чиқарган.

Президент фармонига кўра, мамлакатда энг кам иш ҳақи 72 355 сўм қилиб белгиланган.

Бу "қора бозор" курсида 25 АҚШ долларига тенг дегани.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда энг кам маош 62920 сўм сўм этиб белгиланган, мамлакат раҳбарининг фармонига кўра, маошлар ўртача 1,15 бараварга ошади.

1 августдан Ўзбекистонда ёшга доир пенсия ҳамда болаликдан ногирон инсонларнинг ойлик нафақаси миқдори энг камида 141 520 сўм ёки яна "бозор қиймати"да 40 долларни ташкил этади.

Айни пайтда энг кам пенсия ва нафақа 123060 сўм бўлиб ҳисобланади.

Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ва ишга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар - ойига 86 835 сўм қилиб белгиланган.

Президент фармонида маош ва нафақалар "аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида" оширилаётгани таъкидланган.

Аммо Ўзбекистонда энг оз маош ва пенсиялар миқдори оширилиши ҳақидаги хабарнинг пайдо бўлишиёқ нарх-наво кўтарилиб кетишига сабаб бўлиши табиий ҳолга айланган.

Оддий одамлар иш ҳақлари оширилиши ҳақидаги хабарни қувонч билан қарши олишмайди.

Аввалги йилларда энг кам иш ҳақи кўпайтирилганидан кейин жамоат транспорти ёки коммунал хизматлар айрим турлари учун ҳақлар икки бараварга ошгани кузатилган.

Бу қимматлашувлар кўп ҳолларда президент фармонида кўзда тутилган оширилган маошни ишчи-хизматчилар ўз қўлларига олмасдан туриб юз берган.

Ўзбекистонда иш ҳақлари охирги марта 2011 йилнинг декабрида оширилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ