Норвегия 'қийноққа солиниш хавфи остида бўлган' ўзбекистонликни экстрадиция қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Hорвегия ҳукумати Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб чиққани айтилган фаолни ватанига қайтаришини маълум қилган.

Исми-шарифи сир тутилаётган 26 ёшли йигит 12 июндан бери Ослодаги муҳожирлар марказида ушлаб турилибди.

Ўзбекистонлик бошпана изловчининг ўтган ой сиёсий бошпана сўраб қилган учинчи ва сўнгги мурожаати рад этилган.

Энди у 12 июл куни Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши айтилмоқда.

Ўзбекистонлик бошпана изловчи ҳозир Парижда истиқомат қиладиган инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева билан яқин ҳамкорлик қилган.

Мўътабар Тожибоеванинг Би-би-сига айтишича, у 2010 йилдан бери "Ўтюраклар клуби"га тегишли вебсаҳифани юритиб келган.

"Бундан ташқари у менинг шахсий блогимни ҳам ташкил қилган. Ҳамда, Ўзбекистонда биринчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти - Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг архив саҳифасини юритиб келган", дейди Мўътабар Тожибоева.

Унга кўра, ҳозир Норвегиядаги муҳожирлар марказида тутиб турилган йигит ўзи яшаган вилоятда бир гуруҳ ёшлар билан ёшлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинглар ўтказишган.

"Улар пахта далаларида ишлаётган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқишган. Ҳукумат идораларидан болаларнинг ҳуқуқларини поймол қилишни тўхтатишни талаб қилишган", дейди Мўътабар Тожибоева.

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, "мустақил шахслар сифатида бу иш билан шуғулланишга ҳақлари йўқлиги билан огоҳлантирилган"идан сўнг, улар айнан болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган нодавлат ташкилотини тузишган.

"Унинг таъсис йиғилишини ўтказишган ҳамда ташкилот раҳбари керакли ҳуқуқий ёрдамларни олиш учун Адлия вазирлигига ҳужжатларни олиб кетган. Аммо, у шу бўйича қайтмаган. Аввал ҳибсга олинган ва кейинчалик қамоқдан жасади чиққан", дейди у.

'Башорат қилинган фожеа'

Даниялик журналист Майкл Андерсен ҳам ҳозир Норвегия муҳожирлар марказида ушлаб турилган ушбу ўзбекистонлик бошпана изловчи билан учрашишга муваффақ бўлган.

"Мен Ўзбекистонга етиб боргани заҳотим ҳибсга олинаман ва қамоққа ташланаман", деб айтган у журналист билан суҳбатда.

Майкл Андерсен ўз мақоласини "Башорат қилинган фожеа" деб номлайди ва қаҳрамонини хавфсизлик нуқтаи назаридан Рустам деб атайди.

Журналистнинг ёзишича, Норвегия расмийлари "Рустамнинг Ўзбекистонга қайтиши уни қийноқ ва ҳатто ўлимга ҳукм қилиш"га тенглигига оид далилга беписандлик қилишмоқда.

Майкл Андерсен 2011 йил Қозоғистон тарафидан 29 нафар қочқиннинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ҳодисасини эсга олади.

"Ўшанда қайтариб юборилганларнинг бир нечасига узоқ муддатли қамоқ жазолари берилган, изоляторда сақланган, чунки, шарҳловчиларнинг айтишича, улар буюк эҳтимол билан қийноққа солинганлар", деб ёзади журналист.

Яқинда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон ҳукуматининг ушбу қарорини қоралаб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинларни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлаш талаби билан чиққанди.

БМТ конвенциялари қийноққа солиниш хавфи бўлган одамларни ўз ватанларига экстрадиция қилинишини тақиқлайди.

Аниқ рақамларни айтиш мушкул, аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳар йили Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб инсонлар қийноққа солиниши ва ўлим ҳоллари ҳақида гапирадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ