Афғонистонда ЎИҲнинг икки раҳбари қўлга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон ва иттифоқчи кучлар мамлакат шимолидаги Қундуз вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбарларидан икки нафарини қўлга олишган.

АЙЭСАФ-Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучларига кўра, улар Қундуз атрофи ва марказида исёнкорлик ҳужумларини уюштириш учун портловчи моддалар ясаш билан шуғулланишган.

Мазори Шарифдаги мухбиримиз Канешко Туркистонийга кўра, қўлга олинганларнинг ҳар иккиси ЎИҲ бош раҳбарияти билан алоқадорлиги ва қатор худкушлик ҳужумларини ташкил этишда иштирок этишгани айтилади.

Бундай ҳужумлардан бири январда муваффақиятсиз якунланганди.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолияти Толибон ҳокимиятда бўлган даври билан боғлиқ. Толибон ҳукумати ағдарилганидан кейин уларнинг ҳаракатлари бироз чекланганди. 2009 йилдан кейин Қундуз, Таҳор ва Бағлон вилоятларининг айрим минтақаларида кўрина бошлади. 2011 йилда эса, ҳаракатнинг бир неча қўмондони қўлга олинди", дейди у.

Бу ҳолат эса, мухбиримизга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистонда ҳамон фаолиятда экани маълум бўлди.

Ҳозир ҳам Қундуз вилоятига тегишли Имом Соҳиб, Чордара каби минтақалар, Таҳор вилоятидаги қишлоқ ҳудудларида, Бадахшон вилояти кўпгина ҳудудларида фаолиятлари борлиги айтилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Ал-Қоида билан алоқаси бўлган хавфли гуруҳ сифатида кўрилади.

ЎИҲ нима учун Афғонистон шимолида фаол?

"Айни савол Афғонистон расмийлари ва хорижий кучлар орасида зиддиятларга сабаб бўлганди. Бундан бир неча йил олдин Афғонистон Президенти хорижий жангарилар, айниқса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати айрим хорижликлар томонидан мамлакат шимолига олиб келинади, деб айтган. Аммо, бу хорижий кучлар тарафидан қатъиян рад этилган", дейди Канешко Туркистоний.

Бироқ, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистонга йўл топа билишлари сабаблари улар маҳаллий тилда сўзлашишлари ва аксари ўзбеклар бўлганлиги боис шимолдаги ўзбек аҳолиси орасида жойлашиб кетишлари осон экани билан ҳам боғланади.

Бу мавзуда батафсилроқ