Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоли озодликдан маҳрум этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Чинозлик инсон ҳуқуқлари фаоли 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Апрел ойи бошларида ҳибсга олинган Гулноза Йўлдошева Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор топилган.

Бу ҳақда хабар тарқатган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, 10 июл куни Янгийўл шаҳардаги маҳкама жараёни ёпиқ кечган.

"Адокат орқали бизга ҳамма нарса маълум бўлиб турди. Яъни, адвокатни биз олганмиз. Унинг айби тасдиқланмади. Исбот қилинмади суд жараёнида", дейди гуруҳ раҳбари Сурат Икромов.

Сурат Икромовга кўра, маҳкама жараёни бир ой олдин ўтказилиши маълум қилинган, бироқ турли сабаблар билан 5 марта ортга қолдирилган.

"Дипломатик корпуслар Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британиянинг вакиллари келаман деганди. Шу даражада қилишганки, улар келмасларидан олдин ёпиқ ҳолатда тез бор-йўғи икки марта жараён ўтди, бир соат, бир соатдан ҳукмни тез чиқаришди", дейди у.

Сурат Икромов одамларни Қозоғистонга қул қилиб сотиш бўйича текширувлар олиб борган ва унга қўйилган айбловлар унинг айни шу фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади.

Унинг билдиришича, Гулноза Йўлдошева маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг одам савдосига алоқаси борлигини ҳақида маълумотлар тўплаган.

Айтилишича, Чинозлик фаолнинг икки акаси ҳам одам савдоси қурбони бўлишган.

"Апрелнинг бошларида ўзининг одам савдосидан жабрланган укасини шифохонада кўриб келаётган пайтида, Тошкентдан Чинозга кетаётган маҳал кондуктор йигит мобил телефонини илтимос қилиб олади, гаплашаётган пайти тушириб юборади ва у сочилиб кетади. Шунда у: "Янги телефон олиб бераман ёки пулини бераман", деб ваъда қилади. Бир неча кун ўтгандан кейин ўша бола 100 минг пулни Гулнозанинг маҳалласидаги дўконга келтириб беради. Гулнозанинг келинойиси келиб пулни унга олиб бориб беради. Ўша куни кечаси милиция ходимлари келиб, тинтув қилиб, ўша пулни Гулнозанинг уйидан топишади".

Сурат Икромов 100 тахминан 30-35 долар атрофида пул экани, асосий мақсад Гулнозага нисбатан товламачилик бўйича айблов қўйиш бўлганига шубҳа қилмаслигини таъкидлайди.

Гулноза Йўлдошева қарийб бир йилдан бери Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи билан ҳамкорлик қилиб келган.

У Чиноз туманидаги коррупцияга боғлиқ ишлар бўйича ҳам текширувлар олиб борган.

Сурат Икромов Гулноза Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят ишини унинг айнан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлайди ва буни Ўзбекистондаги фаолларга қарши тазйиқ амалларининг бир қисми сифатида таърифлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ