Ҳайдар Жамол: "КХШТдан чиқиш Каримовга қимматга тушиши мумкин"

Ҳайдар Жамол Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ҳайдар Жамолга кўра, КХШТдан чиқиш Президент Каримовга қимматга тушиши мумкин

Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан (КХШТ) чиқиб кетиш ҳақидаги қарори ташкилотга аъзо давлатлар ва таҳлилчилар орасида баҳсларни уйғотган.

Мазкур қарорнинг расмий Тошкент тарафидан узил-кесил изоҳламангани таҳлилчиларни турли фаразларни илгари суришга ундамоқда.

Ташкилот мутасаддилари ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлигига раҳна йўқлигини таъкидлаётган эсалар-да, кузатувчилар назарида, расмий Тошкент қадами Россия ва Ўзбекистон муносабатларини совуқлаштириб юбориши турган гап.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳудудида хавфсизликни таъминлашни назарда тутган КХШТга ҳозирда Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо бўлиб қолишмоқда.

Ўзбекистон КХШТдан 1999 йилда чиқиб кетган ва 2006 йил августида яна қайта аъзо бўлиб кирган эди.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонни КХШТга қайта аъзо бўлиб кириш қарорига 2005 йил баҳорида Андижонда юз берган қонли воқеалар ортидан расмий Тошкент ва ғарб давлатлари алоқаларининг совуқлашуви сабаб бўлганди.

Россиялик таниқли таҳлилчи Ҳайдар Жамол Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиш қарори уни таажжубга солганини айтади.

Ҳайдар Жамол: Мени таажжубга солган нарса, Президент Ислом Каримовнинг уни ағдармоқчи бўлган мухолиф кучларга қарши курашда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳимоясидан амалда воз кечгани бўлди. У бу билан Москвани мухолиф кучларга эҳтимолий таянч кучига айланишга ундади. КХШТдан чиқиш Каримовга қимматга тушиши мумкин. Россиядаги экспертларнинг умумий фикри шундаки, Каримов жазоланади.

Би-би-си: Москванинг жавоб амали қандай бўлиши мумкин?

Ҳайдар Жамол: Мени ўйлашимча, Москва ҳозиргача ўзи назоратида бўлган заҳиралардан фойдаланиши мумкин. Яъни, ҳозирга қадар Кремл Каримовни унга қарши бўлган кучлардан ҳимоя қилиб келаётганди. Энди эса йўллар очилди. Энди Москва мухолиф кучларнинг фаоллашувига эътироз билдирмаслиги мумкин.Бу ишни Кремл айнан Каримовни жазолаш учун ҳам қилади.

Би-би-си:Кўпчилик таҳлилчиларга кўра, Россия Марказий Осиё бўйича аниқ бир режага эга эмас, Ўзбекистон эса, қўшни давлатлардан фарқли, Россияга унчалик қарам ҳам эмас. Бундай ҳолатда Кремл Ўзбекистонга нисбатан қай йўсинда босим ўтказа олиши мумкин?

Ҳайдар Жамол: Йўқ босим кучига эмас. Лекин Москвада бир аниқ стратегия мавжуд. Москва Сурияни қўлдан бой бериб қўйишга ҳаққи йўқлигини яхши билади. Чунки, Кремлнинг ишонишича, Сурия ортидан АҚШ бошчилигидаги иттифоқ эътибори Эронга қаратилади. Эрон ортидан навбат Россиянинг ўзига ҳам келиши мумкин. Бу масалага Марказий Осиё минтақаси тўғридан-тўғри алоқадор.

Би-би-си:Сиз Кремл Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиққани учун жазолайди деб айтдингиз. Лекин амалда қай тарзда жазолашга қодир?

Ҳайдар Жамол: Москва биринчи навбатда қилиши мумкин бўлган иш - юқорида айтганимдай, ўзбек мухолифати билан алоқа қилиш. Бу ташлаши мумкин бўлган энг кўримсиз ва биринчи қадам. Ўзбек мухолифатига Россия ҳудудида фаолият юритишига изн бериши мумкин. Бундан ташқари, Кремл очиқдан очиқ бўлмаса ҳам, махфий равишда мухолифат раҳбарлари билан мулоқот ўтказиши ва ҳамкорлик қилиши мумкин. Шунингдек, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга ўзбек мухолифатини дастакласа, қарши эмаслигини айтиши мумкин. Агар Тожикистон бордию ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватласа ва бунга Ўзбекистон куч билан жавоб қайтарадиган бўлса, у ҳолда расмий Тошкент Коллектив Хавфсизлик Шатномаси Ташкилотига қарши чиққан бўлади. Ана унда, КХШТига ўз аъзоси Тожикистонни қўллаб-қувватлашга тўғри келади.

Би-би-си: Ўзбекистон минтақадаги қўшнилари билан алоқалари, юмшоқ қилиб айтадиган бўлсак, унчалик ҳам яхши эмас. Айниқса энергия тақсимоти ва сув масалаларида Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистон билан анчадан буён келиша олмайди. Кремл бугунгача кўп ҳолларда бетараф ёки Ўзбекистон ёнини олиб келаётганди. Унинг бу мавқеси ўзгариши мумкинми?

Ҳайдар Жамол: Бунинг ҳам эҳтимоли йўқ эмас. Москва бу масалада ҳам Каримовга босим ўтказиши мумкин. Лекин, менинг назаримда, Ислом Каримов буларнинг барини тарозига қўйиб ўлчаб кўрган ва КХШТнинг парчаланиши Роғун ГЭСи масаласига ечим топилишидан аввал юз беради, деган хулосага келган бўлса, ажабмас.

Бу мавзуда батафсилроқ