BBC navigation

Обидхон қорига суиқасд бўйича маҳкама бошланди

Сўнгги янгиланиш 12 июл 2012 - 15:44 GMT

Джинси шим ва пошнали этик кийган гумондор аёл бошига одеяло солинган ҳолда олиб келинди

Швециянинг Остерсунд шаҳрида ўтган феврал ойида ўзбекистонлик таниқли диссидент имом Обидхон қори Назаровга қарши суиқасд уюштиришга ёрдам беришда айбланаётган жуфтлик устидан маҳкама иши бошланган.

Ўттиз ёшлардаги эр-хотин асли Ўзбекистондан бўлиб, Стромсунд шаҳрида имомни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам беришда айбланаяптилар.

12 июл куни судда аёл гумондор кўрсатмалари ва унга қарши айбловлар эшитилган. Маҳкамада қатнашаётган швециялик журналист Торд Андерссоннинг хабар беришича, прокурор аёлнинг қандай тарзда Швецияга келгани, Швецияда нималар билан шуғуллангани ва Назаров борасида маълумот йиққани борасида маълумотларни ўқиб эшиттирган.

Прокурорга кўра, аёл эри билан Швецияга талаба бўлиб келишгани, сўнгра қора ишларда ишлашганини айтишган, бироқ қандай ишлар билан шуғулланганлари борасида биронта ҳужжатни тақдим эта олмаганлар.

Жуфтлик борасидаги тергов уларнинг телефон қўнғироқлари, квитанциялар, компьютер хизматлари ва банк ҳисобларидаги ўзгаришларга асосланади.

Прокурорга кўра, аёл биринчи бўлиб Назаровнинг манзилгоҳини интернетда қидириб топган. Сўнгра эри билан ижарага машина олиб, Назаровнинг кундалик ҳаётини ўрганиш учун Стромсундга йўл олганлар.

Судда эр-хотиннинг қотилликда гумон қилинаётган шахс билан мунтазам алоқа қилиб тургани айтилган.

Аёл Остерсунддаги Ледкриссет меҳмонхонасига қўнғироқ қилиб, қотил қолиши учун бир хонани брон қилиб бергани ҳам айтилди.

15 февралда Ледкриссет меҳмонхонасига келган гумондор россиялик эканини айтган. Қотилликка икки кун қолганда, 20 февралда у меҳмонхонани тарк этган.

Маҳкамада 200дан ошиқ ўзбекистонлик қочқинлар қатнашмоқда

Гумондорнинг имомга суиқасддан икки соат ўтиб, Стромсунддаги Симонссонс дўконига киргани хавфсизлик видеокамерасига ёзиб олинган. Шу дақиқаларда у ижарага олган автомобилини Остерсунд шаҳридаги ширкатга қайтариб берган. Ўша куни тунни у Стокголмдаги "Роял Викинг" меҳмонхонасида ўтказган.

Суиқасднинг эртасига у Малмё шаҳрига поездда йўл олган ва у ерда бугунда судга тортилаётган ўзбек эр-хотин билан учрашган. Жуфтликнинг ёнида уларнинг олти яшар қизчаси ҳам бўлган.

Суиқасддан икки кун ўтгач, у қўшни Дания пойтахти Копенгагендаги аэропортдан Москвага учиб кетган.

Аёлнинг компьютери текширилганда, у Обидхон қори борасида кўплаб маълумотларни интернетда қидиргани аён бўлган.

Суиқасддан сўнг у бу маълумотлар ва қидирув тарихини ўз компьюетридан ўчириб ташлашга уринган, лекин афтидан бунинг уддасидан чиқмаган.

У эри билан нима учун Стромсундга сафар қилганлари ҳақида сўралганда, терговчиларга аслида шимолий қутбга бориб, ойни томоша қилишни истаганлари, лекин нима учундир Стромсундга бориб қолишганини айтган.

Маҳкамадаги кўрсатмасида аёл ўзининг мусулмон эканини, шунинг учун ҳам бирор бир имомга ёмонлик қилишни истамашини айтган, Обидхон қорига суиқасдда қатнашишдан на шахсий, на молиявий ва на сиёсий мақсад кўзлаганини айтган.

Стромсмунд шаҳрида меҳмонхонада тунамоқчи бўлганларини, бироқ меҳмонхона ёпиқ ва эгалари бўлмагани учун тунни автомобил ичида ўтказганларини айтган.

Аёл эртаси куни эри Стромсмунддаги масжидда намоз ўқиганини, масжиддан чиққанидан кейин эрига жиноят ишида аёлнинг акаси деб айтилаётган киши қўнғироқ қилганини айтган.

Эри телефонда сўзлашиш учун машинадан чиққанини, эри "ака"сига "у одамни кўрмадим" деганини эшитганини айтган.

Суиқасд кунида аёл Скайп саҳифасидаги мулоқот ҳисобини ёпган ва янгисини очган.

Қотиллик ҳаракатидан бир ой аввал эса у "Назаров" номли файлни қаергадир жўнатган.

Прокурор бу аёл Москвадаги ўз акаси билан Назаров борасида яқиндан ахборот алмашиб турганини исботлашга уринмоқда.

Унинг электрон мактубларидан бирида "Ака, уч кунга машинани ижарага олдик" дейилади.

Аёл ва гумондор қотил ўртасида суиқасдгача бўлган ва суиқасддан кейинги кунларда 100 дан ортиқ телефон суҳбатлари бўлиб ўтган.

Аёл Ўзбекистонда яшаганида ойига 300 доллар ишлаб топганини айтган. Терговчилар унга тегишли қоғозлардан Ўзбекистон Миллий Банкидаги ҳисобида аввалига 11 минг доллар бўлгани, сўнгра кўп ўтмай бу миқдор 25 минг долларга чиққанини аниқлашган.

Маҳкама иши давом этмоқда.

Жараённинг иккинчи кунида ҳам гумондор аёл кўрсатмаларини тинглаш давом этиши маълум қилинган.

Маҳкамада иштирок этиш учун 200дан ошиқ ўзбекистонлик қочқинлар Остерсунддаги суд залига йиғилганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.