Обидхон қорига суиқасд: гумондор аёл ўзбек махсус хизматларига алоқаси йўқлигини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи op.se
Image caption 200 дан ортиқ ўзбекистонлик қочқинлар Остерсунддаги маҳкама залига йиғилганлар.

Швециянинг Остерсунд шаҳрида ўтаётган маҳкаманинг иккинчи куни суиқасд уринишига кўмаклашганликда айбланаётган аёл Ўзбекистон махсус хизматларига алоқаси йўқлигини айтган.

Прокурорнинг "Ўзбекистонни тарк этишдан аввал махсус хизматлар билан алоқа қилганмисиз?" деган саволига "йўқ" деб жавоб берган аёл фақат четга чиқиш учун милициядан рухсат олганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, чиқиш визасини олишда муаммога дуч келган.

"Ишхонамдан муҳр керак эди, аммо иш берувчи муҳр босиб бермаган", - деган аёл.

Жума кунги маҳкамада у ўзи билан бирга суиқасдга кўмак берганликда айбланаётган эркакнинг турмуш ўртоғи эканини тасдиқлаган.

Аммо прокурорнинг саволидан англашилишича, эркак тергов чоғида ўз аёлининг акаси билан узоқ йиллардан буён муносабати йўқлигини даъво қилган.

Прокурорнинг "бу сизни ажаблантирадими?" деган саволига гумондор аёл "ҳа" деб жавоб берган

"Даҳшатга тушган"

Швед тилида чиқадиган "Остерсунд Постен" рўзномаси маҳкама залидан тўғридан-тўғри хабар бермоқда.

Рўзнома мухбири Торд Андерссоннинг айбланувчидан иқтибос келтиришича, у Обид қорига суиқасд хабарини эшитганидан сўнг "даҳшатга тушган".

Аёл ўз ҳолатини тасвирларкан, йиғлаб юборган.

Прокурор унинг нима учун қотиллик уринишида гумон қилинаётган шахснинг ҳаракатларидан шубҳа қилмагани, унинг кимлигини суриштирмаганини сўраган.

"Мен ундан Швецияда нима қилиб юрганини сўрадим, аммо у жавоб бермади", - деб айтган айбланувчи.

Аёлнинг айтишича, Стромсунддан қайтганидан сўнг гумондорнинг пули кўплиги кўзга ташланган.

"У қиммат меҳмонхонада қолди ва янги мобил телефони сотиб олди", дея гумондор аёлдан иқтибос келтиради "Остерсунд Постен" рўзномаси.

Ўзининг сўзларига кўра, улар гумондор билан бирга Малмодаги турли дўконлардан харид қилишган.

"Қизим ҳам мен билан эди. Мен ҳеч қачон ундан жиноят содир этган, деб шубҳаланмадим",- деб айтган суиқасдга кўмак беришда айбланаётган аёл.

У қотилликда гумон қилинаётган шахс ўзларининг мезбонликларини "суистеъмол қилгани"ни таъкидлаган.

Жума куни маҳкама залида янграган кўрсатмадан маълум бўлишича, аёл ва унинг ўзи билан бирга айбланаётган турмуш ўртоғи Обидхон қорига суиқас уринишида гумон қилинаётган шахс Швецияни тарк этганидан беш кун ўтиб, суиқасддан хабар топишади.

"Биз даҳшатга тушдик ва бу биз зиёрат қилган одам бўлиши мумкин" деб ўйладик, дейди аёл.

Ўзининг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи унга "бундай бўлиши мумкин эмас" дея тасалли берган.

Кейинроқ аёлнинг Москвадаги акаси Назаровнинг Швецияга борган меҳмон билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигига ишонтирган.

Аммо айни пайтда аёл акаси ундан меҳмон ҳақидаги маълумотларни компютердан ўчириб ташлашни сўраганини айтади.

Маблағлар

Жума кунги маҳкамада прокурор яна бир бор гумондор аёлнинг Швецияда ниманинг ҳисобига кун кечиргани ва Муҳожирлик хизматига тақдим этилган маблағларининг келиб чиқишини суриштирган.

Аёл ўзбекистонда таржимон бўлиб ишлагани, инглиз тилини ўргатгани ва ойда 300 доллар пул топганини айтади.

Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи такси ҳайдаган ва ойда 200-250 доллар пул топган.

Аёлнинг айтишича, акаси ва яқинлари моддий жаҳатдан қўллаб-қувватлаб туришган.

У Швецияга ўзи 1700 доллар, турмуш ўртоғи эса 1000 доллар маблағ билан келишгани, кўп ўтмай ресторандан иш топганини айтган.

Прокурор шу йилнинг ўзида Швецияда яшашга рухсат олиш учун ҳужжатларини Муҳожирлик хизматига тақдим этган ўзбек аёлнинг банк ҳисобидаги 25000 доллар маблағ қаердан келгани борасида сўроққа тутган.

Гумондорнинг айтишича, бу маблағни у Ўзбекистондаги "йирик ширкат"да ишлайдиган таниш аёлдан олган ва кейинроқ қайтариб берган.

Жума кунги маҳкамада аёл ўзининг элчихонада ишлаганини ҳам тасдиқлаган, аммо швед рўзномаси келтирган савол-жавоблардан қайси мамлакат элчихонаси ҳақида сўз бораётгани англашилмайди.

Ҳимоячисининг нима учун ҳужумдан сўнг Skype даги манзилини ўзгартиргани ҳақидаги саволга у "ўзим билмаган ҳар-хил одамлар, француз тилида сўзлашадиган жазойирликлардан хат олавергандан кейин ўзгартиришга қарор қилдим", - деб жавоб берган.

Жума кунги маҳкама тергови ниҳоясида прокурор унинг 2010 йил баҳорида қайин амакиси билан бирга Берлинга сафар қилгани, худди шу пайт Берлинда ўзбек мухолифатининг учрашуви ўтаётганини эслатган ва "учрашувдан хабарингиз бормиди?" деб сўраган.

"Йўқ, мутлақо. Биз у ерга таътилга боргандик", деб жавоб берган аёл.

Маҳкама жараёни душанба куни давом этиши билдирилган.

Шу йилнинг 22 феврал куни Стромсунддаги уйи даҳлизида отиб кетилган таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳануз шифохонада кома ҳолатида қолмоқда.

Швед полицияси 2010 йилдан буён Швецияда яшаб келган эр-хотинга нисбатан суиқасд уринишига кўмаклашганлик юзасидан айблов эълон қилган.

Швед прокурори суиқасд уринишини амалга оширган шахсга нисбатан қидирув эълон қилинганини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ