BBC navigation

Ўзбекистонлик донгдор дзюдочи Лондон Олимпиадасида иштирок этолмайди

Сўнгги янгиланиш 15 июл 2012 - 09:48 GMT

Тангриев олтин медал олиши умид қилинган спортчилардан бири эди

Ўзбекистон Дзюдо Федерациясининг расман баён қилишича, қонида наша аломатлари аниқлангани учун донгдор дзюдочи Абдулла Тангриев Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок эта олмайди.

Федерация веб саҳифасида чоп этилган расмий баёнотда ўз мухлислари ишончини оқлолмагани учун Абдулла Тангриевнинг улардан узр сўраши ҳам таъкидланади.

Абдулла Тангриев ўз вазн тоифасида (+100 кг) жаҳондаги энг кучли дзюдочилардан бири саналади.

У 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори.

Дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида ўтган йилги Жаҳон чемпионатининг мутлақ ғолиби. Уч карра бронза медали соҳиби.

Абдулла Тангриев, бундан ташқари, беш карра Осиё чемпиони ҳам ҳисобланади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган ўзбекистонлик таниқли дзюдочи ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётганди.

Дзюдо ва Лондон Олимпиадаси

Дзюдо бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Лондон Олимпиада Ўйинлари чоғида деярли барча вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Мирзоҳид Фармонов (-66 кг), Наврўз Жўрақобилов (-73 кг), Яхё Имомов (-81 кг) ва Дилшод Чориев (-90 кг)лар Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни илк бор намоён этишади.

Ўз вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров ва Рамзиддин Саидовлар учун бу иккинчи Олимпиада Ўйинлари бўлади.

Ўзбекистонлик дзюдочиларнинг беллашув кунига қараб, босқичма-босқич Лондонга етиб келишлари айтилмоқда.

Маълум бўлишича, улар расмий очилиш маросимининг эртасигаёқ татамига чиқишади.

Улар 28 августдан 3 июлга қадар ҳар куни икки вазн тоифасида ғолиблик учун кураш боришади.

Ўзбекистонлик спортчилар Лондон Олимпиадасида дзюдо, эркин ва юнон-рим кураши, бокс, батутдан сакраш, бадиий ва спорт гимнастика бўйича совринли ўринларга умид қилишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.