Каримовнинг янги фармони ўзбек тадбиркорлари фаолиятини енгиллаштирадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz
Image caption "Уздунробита" каби ширкатлар фаолиятининг тўсатдан тўхтатилиши, кузатувчилар фикрида, хорижий сармоядорларни чўчитади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатдаги бизнес фаолиятини енгиллаштиришга қаратилган фармон чиқарган. Фармон "Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора тадбирлари тўғрисида" дея номланади.

Бу фармон тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг ширкатини рўйхатга олишни осонлаштириш ва ҳисобот топшириш жараёнларини қисқартириш мақсадини кўзлаган.

Президент фармонига кўра, қоғозбозлик камида 46 фоиз қисқариши лозим.

Лекин, янги ҳужжат ўзбекистонлик тадбиркорларнинг фаолиятини қанчалар енгиллатади? Тадбиркор Ботир Ҳусаиновнинг Би-би-сига айтишича, янги фармон тадбиркорлар ишини анча енгиллаштиради.

"Шу пайтгача ойига етти ё саккиз хил ҳисобот топширимиз керак эди. Ундан ташқари, ҳар кварталда солиқ идорасида навбатда туриб ҳисобот топширардик. Вақтида топширилмаса, жарималари жуда баланд эди. Агар буларни қисқартирса, тадбиркорлар бемалолроқ нафас оладилар", - дейди у.

Жаноб Ҳусаинов бугунда Ўзбекистонда ширкат очиш ёки хусусий бизнесни қайд эттириш учун жуда кўп куч сарфланишини айтади.

"Мен бир фирма очмоқчи бўлсам, камида 15-20 кун югураман қоғозларни тўплагунча. Ҳар бир ҳокимиятнинг қошида шу ишларга ёрдам берадиган идора очиб қўйишган, улар уч кунда қилиб беради, лекин ўзингиз югурадиган бўлсангиз, улар "Статистикага бор, налоговыйга бор, ҳисобот топшир" деб жуда кўп қоғозбозлик бўлади", - дейди у.

Ботир Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистонда бизнес доирасида шу кунгача қабул қилинган қонун ёки ҳукумат фармон ва қарорлари маҳаллий амалдорлар томонидан нотўғри талқин қилиниши тадбиркорлар ҳаётини мушкуллаштирувчи омиллардан бўлган.

"Йигирма мингта мевали дарахт экиб боғ қилганман. Сўнгра солиқ ва статистика идораларига мурожаат қилиб, боғим уч йилдан сўнг ҳосил беради дейишимга қарамай, мажбуран солиқ тўлаттиришаяпти. Боғим хусусий фирма дея қайд қилинган. Бироқ, ҳосил ҳали бўлмагани ва шу туфайли унинг банк ҳисобида пул бўлмагани учун бу ҳисобни ҳам ёпиш борасида қарор чиқарганлар. Мен ҳатто маъмурий жазога тортилдим", - дейди у.

Ўзбекистон президентининг янги фармони мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш мақсадини кўзлаган. Бироқ маҳаллий ва халқаро таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон қонунчилигида "дунё ҳавас қилгулик" қонунлар бўлса-да, ҳамма муаммо қабул қилинган қонунлар, президент фармонлари, ҳукумат қарорларининг ижроси кўнгилдагидек эмаслигида.

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов ҳам қайта-қайта президент фармонларига эҳтиёж борми деб сўрайди.

"Қонунларимиз бир-биридан қолишмайди, моҳияти яхши. Лекин, ҳамма гап унинг ижросида. Қонунни қабул қилиш бир нарса, иккинчи нарса унинг ижросини таъминлаш. Ҳар хил ишонч телефонлари мавжуд. Лекин, бу қанчалар тадбиқ қилинади? Ҳамма гап шунда. Назаримда қонун кўпайиб кетаяпти, менимча, битта қонуннинг ўзи етарли. Бу нимадан далолат беради? Қонун ижрочилиги йўқлигидан. Битта қарорни 10 марта чиқариш шарт эмас. Бир қонунни тўғри ишлатиш керак, ижро этилишини талаб қилиш керак", - дейди ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон расмийларининг сармоядорларни Ўзбекистонда бизнес юритиш учун қанчалар таклиф қилишига қарамасдан, Ўзбекистон хорижий инвесторлар назарида бизнес юритиш учун ноқулай ва хавфли мамлакатга аллақачон айланиб улгурди.

Сўнгги мисоллар сифатида турк бизнесменлари, Қозоғистон цемент ширкатлари ва "МТС Ўзбекистон" билан бўлаётган можаролар тилга олинмоқда.

Маҳаллий бизнеслар эса давлат идора-ташкилотлари учун "соғин сигир"га айланган деган фикр шаклланган.

"Маҳаллий амалдорларнинг кўпи - динозаврлар. Улар Ўзбекистон иқтисодини ишдан чиқараяптилар. Тадбиркорлар жуда қийналаяпти. Ўзининг 100 сўмлик манфаати учун халқнинг манфаати ва тадбиркорларнинг манфаатига зиён бўладиган ишлар бўлаяпти. Оммавий юз бераяпти. Бизда ватанпарвар ё миллатпарварлар йўқ", - дейди Руҳиддин Комилов.