Афғонистон: Ўзбекистондан келаётган 22 танкер портлатиб юборилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Афғонистонда ўрнатилган бомба ҳужуми бу ердаги хорижий кучларга ёқилғи олиб кетаётган 22 та юк машинасини вайрон қилган.

Портлаш оқибатида улкан ёнғин чиққан.

Ўзбекистондан келаётган юк уловлари шимолий Самангон вилоятида танаффус учун тўхтаб турган пайтда портлатилган.

Расмийларга кўра, портловчи модда бир юк машинаси остида ўрнатилган бўлган.

Аммо улар яқин тургани ва ёқилғи олиб кетаётган боис кўплаб автомашиналар портлаб кетган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз бўйнига олган.

Лекин бу каби ҳужум шимолий Афғонистонда ҳали кузатилмаган эди.

Ҳужум тонг саҳарда амалга оширилган ва ҳозир қурбонлар борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Лекин портлаш пайти у ерда кўплаб одамлар бўлган.

Ҳали шанба куни айнан шу Самангон вилоятида Афғон ўзбеклари етакчиларидан бири бўлган қўмондон Аҳмадхон Самангоний ўз қизининг тўйида ўлдирилган эди.

Жанубий Покистон таъминоти йўлида юк уловлари тез тез ҳужумга тутилгани ва Вашингтон ҳамда Исломобод муносабатлари таранглашиб қолгани боис, НАТО Ўзбекистондан ўтувчи шимолий таъминот йўлига эътиборини оширган эди.

Ўзбекистон йўли энг хавфсиз, деб кўриларди ва бу ердан ҳали НАТО кучлари чиқиб кетиши ҳам мўлжалланган.

Шунингдек, Термиздан Мозори Шарифга қадар поезд йўли ўтқизилиб, ишга туширилди.

Аммо ҳозирги ҳужум Ўзбекистон йўли ҳам қанчалик хатарнок бўлиб қолиши мумкинлигини кўрсатади.