Ўзбек-қирғиз чегара расмийлари музокара олиб боришмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизмати масъуллари 17 июл куни чегарачилар ўртасида кечган отишмани мубоҳаса қилишмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон ҳарбий чегара хизмати матбуот маркази маълум қилган.

Кеча Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги Булоқбоши қишлоғи яқинида жойлашган чегара ҳудудида содир этилган отишмада бир қирғиз чегарачиси нобуд бўлган, яна бир қирғизистонлик тан жароҳати олгани хабар қилинди. Ярадор шифохонага ётқизилган, ҳозир унинг аҳволи қониқарли дейилади.

Ўзбекистон томонидаги чегара ҳудуди Наманган вилояти Чуст тумани Гава пунктида жойлашган.

Айни пайтда чегаранинг ҳар икки томонидаги вазият ҳам барқарорлиги айтилади.

Норасмий хабарларга кўра, ҳодисада ўзбекистонлик бир чегарачи ҳам нобуд бўлган, яна бири тан жароҳати олган.

Ўзбекистон тарафи ҳодисага расман муносабат билдирмаган.

Аммо, Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари кеча рўй берган ҳодиса тафсилотларини ўрганаётганлари хабар қилинади.

Маълум қилинишича, қирғиз тарафидан тергов гуруҳига Ҳарбий чегара хизмати бош қароргоҳи бошлиғи биринчи муовини, генерал-майор Рискелди Мусоев раҳбарлик қилмоқда.

'Айбдорлар жазоланади'

Чегара хизматига кўра, кеча Кўктош - Булоқбоши автомобил йўлида таъмирлаш ишлари бошланган, у ишларга "Казахмис" тоғ-кон ширкати ходимлари билан маҳаллий яшовчилар жалб этилган.

Кўктош чегарачилари маҳаллий аҳолини серқатнов йўлининг ушбу қисмида таъмирлаш ишлари ўтказиб бўлмаслигидан огоҳлантиришган. Чунки, бу ҳудуддан ўтган чегара чизиғи ҳали тасдиқланмаган. Аммо, таъмирлаш ишлари тўхтатилмаган.

Бу орада у ерга ўзбек чегарачилари етиб келишган. Улар ҳам таъмир ишларини тўхтатишни талаб қилишган. Мазкур талаб бажарилмагач, қурол ишга солинган. Оқибатда бир қирғиз чегарачиси ҳалок бўлган.

Ўзбекистон тарафидан ҳам қурбонлар борлиги айтилади, аммо расмий Тошкент бу маълумотни тасдиқламаган.

Бишкекдаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевнинг хабар қилишича, ҳодиса юзасидан ҳозир Қирғизистон ҳарбий прокуратураси жиноий иш очган.

Парламент депутати, хавфсизлик хизмати генерали Тўқон Мамитов махсус комиссия фожеа тафсилотларини ўрганиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши айтган.

Жалолобод вилояти Ола-Буқа тумани ҳокимиятидан Гулжон Асанова билдиришича, туман ҳокими Атантой Рисқулов ва тегишли идоралар раҳбарлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан чегарадаги отишмаларга боғлиқ музокаралар учун жўнаб кетишган.

Бу мавзуда батафсилроқ